Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг” (Аҳзоб сураси, 56-оят).
Салавот Аллоҳдан бўлса, бандаларига раҳмат, мағфират ва неъматдир. Фаришталардан бўлса, истиғфорлари ва хизматлари билан иззат-икром кўрсатмоқдир, умматларидан бўлса, дуо ва эъзозлашдир. (Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий, Исмоил Ҳаққий Бурсавий, Элмалили, Қози Байзовий).
Ушбу ояти карима ҳукмига кўра, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш (Аллоҳ таолонинг амри сифатида) фарздир. Аммо саҳиҳ қавлга кўра, муборак номлари зикр қилинганда салавот келтириш вожибдир. (Элмалили, Ҳақ дини, Қуръон тили, 6-жилд, 33-саҳифа; Тафсири Ҳилол, 4-жуз, 624-саҳифа).
Бунда бир мажлисда номлари зикр қилинса ёки ҳар гал номлари айтилганда салавот айтиш вожиб (Тафсири Қозий Байзовий, 4-жилд, 299-саҳифа) бўлади, деганлар ҳам бор.
Баъзи муфассирлар: “Умрида бир марта салавот айтиш вожиб”, деганлар.
Бу ҳукмларнинг далили, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Олдида номим зикр қилинганида менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деганларидир (Сунани Термизий, Дуолар китоби, 3545-ҳaдиc).
“Энг гўзал салавотлар” рисоласидан
Қиёмат куни икки кишига Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қарамайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни икки кишига раҳмат назари билан қарамайди. Улардан бири қариндош-уруғи билан алоқаларини узган киши бўлса, иккинчиси ёмон қўшнидир”.
Шундай экан, ким Аллоҳнинг назаридан умидвор бўлса, силаи-раҳмни узмаслиги, қўни-қўшнилар билан яхши қўшничилик қилиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳматига сазавор айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими