Аллоҳ таоло ҳар бир инсон қалбига ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш туйғусини жо айлаган. Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб-ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборат. Демак, мусулмон киши ўз Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ғаним ва ёвдан ҳимоялайди. Шу боисдан ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни соғинади.
Бу (туйғу) биз умматларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Макка мушриклари у зотга кўплаб азиятлар беришди. Шундай бўлса-да, Набий алайҳиссалом ватанларини тарк этиб, бошқа жойга кўчиб кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилишгача бориб етганидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан у зот Маккадан чиқиб кетдилар. Кетаётиб кўзларига ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб бундай дедилар: “(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам киндик қонлари тўкилган жойдан узоқлашганлари сари Маккага бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишлари башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди: “(Эй Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...” (Қасас сураси, 85-оят).
Шундан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.
Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир! Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки юрт равнақи учун барча бирлашиши, бир-бирига хайрихоҳ бўлиб, дунё ва охират учун фойдали ишларга ҳаракат қилишлари лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида сураси, 2-оят).
Бу оятдан мўмин киши жамият учун фойдали инсон бўлиши, аҳли аёли, яқинлари ва ўзгалар билан тинч-тотув ҳаракат қилиши лозимлиги тушунилади. Шундай ниятдаги инсонлар кўп бўлган жойда жамият равнақ топади, юрт фаровон бўлади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратлари,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий
"Ҳидоят" журналининг 8-сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайтон – инсоннинг энг хавфли душмани. Унга эргашиш икки дунёда ҳам бахтсизлик, афсус-надоматга сабаб бўлади. Шайтон бандани Аллоҳнинг розилигидан узоқлаштириш ва Унинг раҳматидан маҳрум қилиш учун доимо ҳаракат қилади. Қандай қилиб шайтоннинг фитналаридан ҳимояланиш ва унинг васвасаларига эргашмаслик керак? Қуйидаги сура ва дуоларни мунтазам ўқиб юриш сизни ундан узоқлаштиради:
1. Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.
2. Оятул курсий.
3. Ёсин сураси.
4. Ихлос, фалақ, наас суралари.
5. “Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атубу илайҳ”.
(Маъноси: Ҳар бир гуноҳ ишдан Аллоҳга истиғфор айтаман ва унга тавба қиламан).
6. “Аъуузу би калимаатиллааҳит-тааммаати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин ва мин кулли ъайнин лаамматин”.
(Маъноси: Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўздан паноҳ тилайман).
7. Аъуузу би калимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ.
(Маъноси: Аллоҳнинг мукаммал сўзлари билан яратганларининг ёмонлигидан паноҳ тилайман).
8. “Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”.
Аллоҳнинг исми ила, Аллоҳга таваккал қилган ҳолда. Ҳаракат ва қувват фақат Аллоҳнинг иродаси билан бўлади.
9. “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу`у лака биниъматика ъалаййа ва абу`у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта”.
(Маъноси: Аллоҳим, Сен Роббимсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Сенга берган ваъдамда ва аҳдимда қодир бўлгунимча турибман. Қилган ишларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди.)
10. “Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳ, валҳамдулиллаҳ, лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу”.
(Маъноси: Тонг оттирдик, мулк ҳам Аллоҳники бўлган ҳолда тонг оттирди. Барча ҳамдлар Аллоҳгадир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Зот ягона, шериги йўқдир.)
Даврон НУРМУҲАММАД