Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446

Юртга муҳаббат Расулуллоҳдан мерос

12.09.2024   6654   2 min.
Юртга муҳаббат Расулуллоҳдан мерос

Аллоҳ таоло ҳар бир инсон қалбига ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш туйғусини жо айлаган. Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб-ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборат. Демак, мусулмон киши ўз Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ғаним ва ёвдан ҳимоялайди. Шу боисдан ҳам киши ўз юртидан узоқ­лашганда, уни соғинади.
 

Бу (туйғу) биз умматларга Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Макка мушрик­лари у зотга кўплаб азиятлар беришди. Шундай бўлса-да, Набий алайҳиссалом ватанларини тарк этиб, бошқа жойга кўчиб кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилишгача бориб етганидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан у зот Маккадан чиқиб кетдилар. Кетаётиб кўзларига ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб бундай дедилар: (Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривояти).


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам киндик қонлари тўкилган жойдан узоқлашганлари сари Маккага бўл­ган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгил­ларини кўтариб, Маккага қайтиб келишлари башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди: (Эй Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...” (Қасас сураси, 85-оят).


Шундан кейин Пайғамбаримиз соллал­лоҳу алайҳи ва саллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.


Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсон табиатида мавжуд бўлган но­зик ҳисдир! Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки юрт равнақи учун барча бирлашиши, бир-бирига хайрихоҳ бўлиб, дунё ва охират учун фойдали ишларга ҳаракат қилишлари лозим.


Қуръони каримда бундай марҳамат қи­­линади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йў­ли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида сураси, 2-оят).


Бу оятдан мўмин киши жамият учун фойдали инсон бўлиши, аҳли аёли, яқинлари ва ўзгалар билан тинч-тотув ҳаракат қилиши лозимлиги тушунилади. Шундай ниятдаги инсонлар кўп бўлган жойда жамият равнақ топади, юрт фаровон бўлади.

 

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратлари,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий


"Ҳидоят" журналининг 8-сонидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   5751   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар