Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон учун дунё ҳаётида эга бўладиган неъматлари орасида энг қадрлиси бу – иймондир. Тақводор банда динига, эътиқодига зарар етадиган ҳар қандай амалдан узоқ бўлади, сақланади. Айниқса, сеҳр билан шуғулланиш ёки сеҳргарнинг олдига бориш ақидага қаттиқ таъсир қилади.
Уламолар айтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам еттита ҳалокат қилувчи гуноҳлардан сақланишга буюриб, улардан бири сеҳр эканининг хабарини берганлар. Шунга кўра, сеҳр билан шуғулланиш ҳаром амал бўлиб, у куфрга олиб боради. Бунга ушбу оят далолат қилади: «Икковлари ҳатто: “Биз фитна–синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар» (Бақара сураси, 102-оят)”.
Энг хавфли жиҳати шуки – сеҳр билан шуғулланиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, сеҳргарнинг олдига бориш ҳам шунчалик катта гуноҳ. Яъни, сеҳр билан шуғулланган ҳам, сеҳргарнинг олдига борган ҳам бир хил гуноҳкордир.
Ҳубайра ибн Ярийм айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: “Ким коҳинга ёки сеҳргарга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, деб айтаётганини эшитдим”.
Айрим олимлар сеҳргарнинг мушрик эканига қуйидаги ҳадисни далил сифатида келтиришади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”, деганлар (Имом Насоий ривояти).
Барча ўтган пайғамбарлар даврида сеҳр ҳаром амал саналган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас” (Тоҳа сураси, 69-оят).
Сеҳр динни ҳалок қилувчидир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалокатга элтувчи еттита гуноҳдан сақланинглар!” дедилар.
Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, улар қайсилар?” деб сўрашди.
У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр (билан шуғулланиш), Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибо ейиш, етимнинг молини ейиш, жанг куни орқага қочиш ҳамда иффатли, мўмина, ғофила (бузуқлик нималигини билмайдиган) аёлни фоҳишаликда айблаш”, деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳга ширк келтиришдан кўра катта ва оғирроқ гуноҳ йўқ. Ҳадисда инсонни ҳалок қилувчи гуноҳларнинг ичида биринчи ўринда айнан ширкнинг зикр қилиниши ҳам бежиз эмас. Ундан кейин сеҳрнинг келтирилиши эса сеҳргарлик қанчалик катта гуноҳ эканини яққол кўрсатади.
Банда сеҳргарнинг айтган ҳар бир сўзига ишониши, унинг айтганларини бажариши натижасида Роббидан қўрқишдан, таваккул ва фақатгина Ўзига юзланиб дуо қилишдан, ёрдам сўрашдан узоқлашади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Уйга кирганингизда болаларингизга салом бериб, пешоналаридан ўпинг. Бу уларда меҳр ва раҳм-шафқат туйғусини ривожлантиришга ёрдам беради.
2. Кўча-куйда қўни-қўшнилар, йўлда ҳайдовчилар билан фақат яхши муомалада бўлинг. Фарзандларингиз ҳамма нарсани диққат билан кузатадилар. Эшитганларини тезда ўзлаштирадилар ва кейин сизга тақлид қиладилар.
3. Ота-онангизга қўнғироқ қилганингизда, фарзандларингизни ҳам шундай қилишга унданг. Ота-онангизни зиёрат қилганингизда, болаларингизни ўзингиз билан олиб боринг. Ота-онангизга ғамхўрлик қилаётганингизни қанчалик кўп кўрсалар, шунчалик кўп сизга ғамхўрлик қилишни ўрганадилар.
4. Машинангизда фарзандларингизни мактабга ёки бирор жойга олиб борар экансиз, уларга ривоят, ҳикоялар айтиб беринг.
5. Ҳар куни битта қисқа ҳадис ўқиб беришга одатланинг. Бу кўп вақт талаб қилмайди, лекин кучли ришталар ва ажойиб хотиралар яратишга катта таъсир қилади.
6. Сочингизни таранг, тишларингизни ювинг ва кийимларингизни энг яхшисини кийинг, ҳатто уйда бўлсангиз ва кун давомида кўчага чиқмасангиз ҳам. Фарзандларингиз тоза ва озода бўлишнинг ташқарига чиқишга алоқаси йўқлигини билишлари керак!
7. Фарзандингизнинг ҳар бир сўзи ёки хатти-ҳаракати учун айбламасликка ва танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Баъзан эътибор бермасликни ва ортга ташлашни ўрганинг. Бу уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади.
8. Болаларингизнинг хонасига киришдан олдин рухсат сўранг. Бу орқали улар бировнинг хонасига кирмоқчи бўлганларида ҳам худди шундай қилишни ўрганадилар.
9. Агар хато қилган бўлсангиз, фарзандларингиздан кечирим сўранг. Кечирим сўраш уларни камтар ва мулойим бўлишга ўргатади.
10. Уларнинг қараш ёки ҳис-туйғуларини масхара қилманг, ҳатто “ҳазиллашаётган бўлсангиз ҳам”. Бу уларга жуда оғир ботади.
11. Фарзандларингизнинг шахсий ҳаётига ҳурмат кўрсатинг. Бу уларнинг қадр-қиммати ва ўз-ўзини қадрлаши учун муҳимдир.
12. Айтган ҳар бир гапингизни биттада тушунишларини кутманг ва буни талаб ҳам қилманг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай қилмаганлар. Аммо сабрли ва бардавом бўлинг.
Муҳтарам ота-оналар! Фарзандингиз тарбияси учун жавоб эканингизни унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз сурувга масъулсиз (жавобгарсиз)”, деганлар.
Чўпон боқаётган молларига масъул бўлганидек, ҳар бир оила бошлиғи аҳли оиласи учун масъул ва жавобгардир.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни ҳидоят йўлида собитқадам қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД