Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Ижарага олинган машинанинг харажатлари кимнинг зиммасида?

13.09.2024   1041   1 min.
Ижарага олинган машинанинг харажатлари кимнинг зиммасида?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Машинани ижарага берганда, машинанинг таъмирлаш харажатлари кимнинг зиммасида бўлади.

Жавоб: Машинани ижарага берганда унинг асосий қисмлари: кузов ва моторнинг таъмири ижарага берувчининг зиммасида, кунлик ёки даврий харажатлари: ёнилғи қуйиш, мотор мойи, балон ва аккумулятор алмаштириш кабилар ижарага олувчи зиммасида бўлади. Яна бу харажатлар ўзаро келишув ва ҳар бир жойнинг ўз урфига кўра ҳам бўлиши дуруст.

Бу мавзуда Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Уйни суваш, тарнов (сув чиқиб кетиш йўллари) ва бинодан ҳисобланган нарсаларни тўғрилаш уйнинг эгаси зиммасидадир. Чунки уй унинг мулки, мулкни ислоҳ қилиш мулк эгасининг вазифасидир...” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).

“Бир уловни ижарага олса, унга эгар қўйиб бериш уловнинг эгаси зиммасидадир. Ип ва мешлар, худди шундай юган (жилов) ҳам шу соҳа аҳли урфига кўра бўлади. Аммо эгар уловнинг эгаси зиммасидадир. Лекин ўша шаҳарнинг урф-одати бунга тескари бўлса, уларнинг урф-одати бўйича бўлади” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).

Демак, асл қоидага кўра машинани ижарага берганда унинг асосий қисмларининг таъмири машина эгасига, кунлик ва даврий харажатлар ижарага олувчига бўлади. Лекин ижарага олувчи ва берувчи ўзаро келишув асосида  бу харажатлар кимнинг зиммасида бўлишини шартномада белгилаб олса ва бу келишувлари улар яшаб турган шаҳарнинг (шариатга зид келмайдиган) урф-одатларига ҳам мувофиқ бўлса, бу келишув ҳам жоиз ҳисобланади.

Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

27.09.2024   3515   1 min.
Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев минтақа билан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

  Перлис – Малакка ярим оролида жойлашган, мамлакатнинг асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатларидан бири. Минтақада қишлоқ ва балиқчилик юқори даражада ривожланган, шунингдек, у Малайзияда шакарқамиш ва табиий каучук ишлаб чиқаришда етакчи саналади.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихона делегациясини Малайзиянинг Перлис султони Саййид Сирожуддин Саййид Жамолуллайл қабул қилди.

 Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

 Султон Сирожуддин 2003 йилда Малайзия қироли сифатида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганини, Ўзбекистон тараққиёти билан танишганини илиқлик билан эслади.

 Шунингдек, ташриф давомида ушбу давлат муфтийси Муҳаммад Aсри Зайнул Обиддин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризмни, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

  Малайзия томони бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихий-маданий меросини малайзияликлар орасида тарғиб қилишга катта ҳисса қўшади, – деб маълум қилди.

  Ташриф якунлари бўйича Малайзия томони Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Доимий алоқаларни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари