Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Ижарага олинган машинанинг харажатлари кимнинг зиммасида?

13.09.2024   1076   1 min.
Ижарага олинган машинанинг харажатлари кимнинг зиммасида?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Машинани ижарага берганда, машинанинг таъмирлаш харажатлари кимнинг зиммасида бўлади.

Жавоб: Машинани ижарага берганда унинг асосий қисмлари: кузов ва моторнинг таъмири ижарага берувчининг зиммасида, кунлик ёки даврий харажатлари: ёнилғи қуйиш, мотор мойи, балон ва аккумулятор алмаштириш кабилар ижарага олувчи зиммасида бўлади. Яна бу харажатлар ўзаро келишув ва ҳар бир жойнинг ўз урфига кўра ҳам бўлиши дуруст.

Бу мавзуда Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Уйни суваш, тарнов (сув чиқиб кетиш йўллари) ва бинодан ҳисобланган нарсаларни тўғрилаш уйнинг эгаси зиммасидадир. Чунки уй унинг мулки, мулкни ислоҳ қилиш мулк эгасининг вазифасидир...” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).

“Бир уловни ижарага олса, унга эгар қўйиб бериш уловнинг эгаси зиммасидадир. Ип ва мешлар, худди шундай юган (жилов) ҳам шу соҳа аҳли урфига кўра бўлади. Аммо эгар уловнинг эгаси зиммасидадир. Лекин ўша шаҳарнинг урф-одати бунга тескари бўлса, уларнинг урф-одати бўйича бўлади” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).

Демак, асл қоидага кўра машинани ижарага берганда унинг асосий қисмларининг таъмири машина эгасига, кунлик ва даврий харажатлар ижарага олувчига бўлади. Лекин ижарага олувчи ва берувчи ўзаро келишув асосида  бу харажатлар кимнинг зиммасида бўлишини шартномада белгилаб олса ва бу келишувлари улар яшаб турган шаҳарнинг (шариатга зид келмайдиган) урф-одатларига ҳам мувофиқ бўлса, бу келишув ҳам жоиз ҳисобланади.

Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бу хонада гуноҳ қилма, бу ерда Қуръонни 12 минг марта ўқиганман

27.09.2024   3448   3 min.
Бу хонада гуноҳ қилма, бу ерда Қуръонни 12 минг марта ўқиганман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Бакр ибн Айёш роҳимаҳуллоҳ табаъа тобеъинлардан бўлиб, машҳур етти қироатнинг ровийларидан бири эди. У зот Шуъба исми билан машҳур эди. «Осимнинг Шуъбадан ривояти» дейилган қироат соҳиби шу кишининг исми билан юритилади. Буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ана шу муборак зотни «Қуръон ва яхшилик соҳиби эди», деб таърифлаганлар.

Шуъба роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 95 йилда туғилиб, 193 йили Куфа шаҳрида, 96 ёшида вафот этган.

У зот вафотидан олдин ўғлига уйидаги ҳужралардан бирини кўрсатиб, «Ўғлим, мана шу ҳужрада гуноҳ қилишдан сақланингла, чунки мен бу хонада Қуръонни ўн икки минг марта ўқиб тугатганман», деган эканлар... Субҳаналлоҳ!

Ўлим тўшагида ётганларида ёнларида ўтирган қизлари йиғласа, «Нега йиғлайсан, қизим? Мендан хавотирланяпсанми? Мен мана шу хонада Қуръонни ўн икки минг марта хатм қилганман…» деганлар.

Умрини Қуръонга бағишлаган бу улуғ зот бу хизматларини Аллоҳ таоло қабул қилишидан, улар сабабли гуноҳларини кечиб юборишидан умидвор бўлганлар.

Бир аёл мана шу ўринга мос воқеани айтиб берган эди:

«Турмуш қурган илк кунларимизданг бошлаб, эрим билан ҳар куни икки саҳифа Қуръон ўқишга келишиб олдик. Алоҳида вақт ажратиб, бирга Қуръон ўқиб ўтирамиз. Аввал у киши менга бир саҳифани ўқиб берадилар, кейин мен у кишига иккинчи саҳифани ўқиб бераман. Мабодо сафарда бўлиб қолсалар, икки саҳифани иккимиз ҳам ўзимиз ўқир эдик, шунда ўша икки саҳифа икки марта ўқилар эди.

Аллоҳ таоло бизни шу вазифани доимий бажаришга мушарраф айлади. Ҳар сафар Қуръонни ўқиб тугатганимизда охирги саҳифасига бир белги қўямиз. Бу йил тўйимизга ўттиз йил бўлибди. Охирги саҳифадаги белгилар эса 127 та бўлибди. Демак, шу ўтган йиллар давомида Қуръонни 127 марта хатм қилибмиз. Қуръон ўқишда давом этганимиз сари, ҳаётимизга осойишталик, бахт ва нур кириб келаверди, энг асосийси – турмуш ўртоғим билан ўртамиздаги муҳаббат кучайиб бораверди. Аллоҳ у кишини паноҳида асрасин!»

Энди мана шу саволга жавоб беринг:

Ҳаётингиздан ўрин олган оддий, лекин доимий, айни вақтда дунёга ҳам, охиратингизга ҳам (ибодатга, ижтимоий ҳаётга, илм-фанга ёки соғлом турмуш тарзига алоқадор) манфаатли бирор вазифангиз борми?

Ўзингиз учун кунлик одатий вазифа кашф этсангиз, лаънати шайтон ҳар хил йўллар билан сизни вазифангиздан чалғитишга ҳаракат қилади. Лекин сиз бунга йўл қўйманг! Ҳушёр бўлинг, у сизни тўхтатиш учун турли важларни ўйлаб топади. Қилиб юрган вазифангиздан сизни оғдириш учун бирор кишидан ҳам фойдаланиши мумкин (одатда яқин инсонларингиздан бирини танлайди. Масалан, энг яқин дугонангизни…) Огоҳ бўлинг! Инсон ва жин-шайтонлар сизни йўлдан оздиришига асло йўл қўйманг!

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.