Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин-кетин ерга қўйилади, яъни, аввал тизза, кейин қўллар ва юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни, юз, қўл тизза.
“Фатавои Ҳиндия” китобида бундай дейилади: “Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Бас (шундай экан), аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради...”.
“Мухтасару-л-виқоя” китобида эса: “(Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини сўнгра қўлларини ерга қўяди, (саждадан турганида) такбир айтади ва аввал бошини сўнгра икки қўли ва тиззаларини ердан кўтаради...”, дейилган.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим”, дейилади (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Бошқа ривоятда эса: “Биз ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг намозларидан шуни ўргандикки, у киши руку қилганларидан кейин ҳудди туя чўккалагандек чўккалар эдилар ва тиззаларини қўлларидан аввал ерга қўярдилар”, дейилади (Имом Таҳовий Алқама ва Асвад розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).
Бу борада яна бошқа бир қанча ҳадислар мавжуд. Моликий мазҳабидан ташқари барча мазҳаб олимлари ушбу ҳадисларни дақиқ ўрганиб, “сажда қилишда аввало ерга яқин аъзолар ерга қўйилади ва саждадан туришда эса ердан узоқ бўлган аъзолар ердан кўтарилади”, деган фикрга иттифоқ бўлганлар.
Оёқларнинг бармоқлари қиблага қараган ҳолда эгилиб, аввал тизза ерга қўйилади. Сўнгра, бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади.
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Саждаи саҳв қилиш учун салом беришда бир томонга салом бериладими ёки икки томонгами?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Яъни намозхон саждаи саҳв қилишда бир томонга салом берса ҳам, икки томонга салом берса ҳам тўғри иш қилган бўлади. Чунки фуқаҳоларимиз ҳар икки ҳолатни саҳиҳ — тўғри деб фатво беришган. Айрим фуқаҳолар ёлғиз намоз ўқиётган киши – икки томонга салом бериши, имом эса – бир томонга салом бериши яхшидир, деганлар. Чунки имом икки томонга салом берса, эргашувчиларнинг баъзиси намоз тугалланди деб ўйлаб намозга зид ҳатти-ҳаракат содир этиши мумкин, дейишган (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.