Бугун, 12 сентябрь куни Фарғона вилояти вакиллигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиблари ўртасидаги «Йил имоми – 2024» кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар вилоят босқичида беллашдилар.
Иштирокчилар ўзлари танлаган билетдаги тафсир, тажвид, фиқҳ, ақоид, ҳадис ва сийратга оид саволларга жавоб бердилар ҳамда фаолиятларига доир амалга оширган ижодий ишларини тақдим қилдилар. Иштирокчиларнинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин Тошлоқ тумани «Бурҳониддин Марғилоний» масжиди имом-хатиби Иномжон Тўйчиев;
2-ўрин Учкўприк тумани «Қораянтоқ» масжиди имом-хатиби Фазлиддин Бурҳонов;
3-ўрин Марғилон шаҳар «Барака» масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов ҳамда Ўзбекистон тумани «Оқтепа» масжиди имом-ноиби Акмалхон Ҳабибуллаевларга насиб этди.
Танловда биринчиликни эгаллаган Тошлоқ тумани «Бурҳониддин Марғилоний» масжиди имом-хатиби Иномжон Тўйчиев «Йил имоми — 2024» кўрик танловининг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Фарғона вилояти вакиллиги ҳамда Alhidoya.uz сайти жамоаси барча ғолибларни муборакобод этиб, келгуси фаолиятларида муваффақият тилайди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати