Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Бисмиллаҳ” деган сўзни кўп ишлатамизу, аммо унинг жуда кўплаб фазилатларидан хабардор эмасмиз. Уйга кирганда ва уйдан чиққанда, овқатланишдан, ичимлик ичишдан олдин ёки бирор нарса ёзганда шу каби кўплаб ҳолатларда “Бисмиллаҳ”ни айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир аҳамиятли иш “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир”, деганлар.
Бошқа бир ҳадис шарифда: “Қайси иш “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошланмас экан, у ишда барака бўлмайди” дейилган.
Демак, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб бошланган ишда барака бўлар экан. Қолаверса, “бисмиллаҳ” айтилган ишдан шайтон қочади.
Агар “бисмиллаҳ”ни айтиб деразани ёпсангиз шайтон уйингизга кира олмайди.
Агар уйга “бисмиллаҳ” деб кирсангиз, шайтон уйингизга кира олмайди.
Агар кўчага “бисмиллаҳ”ни айтиб чиқсангиз, шайтон сизга ҳамроҳ бўла олмайди.
Агар “бисмиллаҳ”ни айтиб деразани очсангиз, шайтон уйингизга кира олмайди.
Агар овқат қилишни “бисмиллаҳ” билан бошласангиз, шайтон овқатингизга шерик бўла олмайди.
Агар таҳоратни “бисмиллаҳ валҳамду лиллааҳ” деб бошласангиз, таҳоратингиз сингунича фаришталар сизга яхшилик, мукофот ва савоблар ёзиб турадилар.
“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони каримдан бир оят бўлгани учун ҳам уни кўп айтиш билан улкан ажрларга эга бўлинади. Қолаверса, ҳар бир ҳарф учун 10 дан 700 гача савоб берилади.
“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” 19 ҳарфдан иборат, бир айтиш 190 савобга тенг бўлади. Ҳар бир ҳарф Аллоҳнинг марҳамати билан кўпайтирилиб, 700 минг баробарга етади ва Аллоҳнинг фазли ила яна ҳам кўпаятирилади. Агар бир кунда ҳеч бўлмаганда 50, 100 марта “Бисмиллаҳ”ни айтишга одат қилсак, қанча савобга ҳамда Аллоҳни зикр қилишга муваффақ бўлишимиз мумкин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Дунёга муҳаббатни кетказиш ва охират ғамини қалбда пайдо қилишнинг йўли бор. Йигирма тўрт соат ичидан озгина вақт ажратинг, кечаю кундузларимиз ғафлатда ўтаётганини ўйланг, ўлимни унутганимизни ўйланг, ҳали Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳозир бўлишдан, буюк ҳисоб-китобдан, жазо ва мукофотдан ғафлатда қолганимизни ўйланг.
Шу нарсалар ҳақида ўйлашга вақт ажратинг, бир кунмас бир кун ўламан, кейин Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай қилиб ҳисоб бераман? Сўровларига нима деб жавоб қиламан? деб ўйланг. Шу ўйлар ҳар доим қалбда тирик турсин.
Агар киши ҳар куни шу нарсаларни фикрлаб турса, бор-йўғи бир неча ҳафтада, иншаАллоҳ, дунёга муҳаббат қалбидан чиқиб кетади. Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматидан барчамизга бу айтилганларга амал қилиш тавфиқини ато этсин, омин.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан