Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Қайғусиз жой фақат Жаннатда

16.09.2024   702   4 min.
Қайғусиз жой фақат Жаннатда

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Тўртинчи фойда: Дунё қайғулари сизни охират хурсандчиликларига, охират неъматларига муштоқ қилиб қўяди.

Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: "Жаннатда шундай жар солинади: Сизларга соғлик берилди, энди ҳеч қачон касал бўлмайсизлар. Сизларга ҳаёт берилди, энди ҳеч қачон ўлмайсизлар. Сизларга ёшлик берилди, энди ҳеч қачон қаримайсизлар. Сизларга неъматлар берилди, энди ҳеч қачон ғам кўрмайсизлар" (Имом Муслим ривояти).

Жаннатда ҳеч ким касал бўлмайди, ҳеч ким ўлмайди, ҳеч ким хафа ҳам бўлмайди. Ҳамма абадий бахт-саодатда, доимий офиятда, роҳат-фароғатда яшайди.
Жаннатда мўминлар буюк ҳақиқатни тушуниб етадилар: бу ердаги неъматларнинг энг афзали – Аллоҳ таоло улардан дунё ташвишларини кетказгани, ибодатларнинг машаққати, мусибатларнинг азоби кетиб, савоблари қолгани, охиратнинг даҳшатларини, азобларини кетказиб, доимий бахт-саодат макони бўлмиш жаннатда яшаттиргани экан.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Адн жаннатларига кирадилар, у ерда олтин билакузуклар, инжулар билан ясанадилар. У ердаги либослари ипак бўлади. Шунда улар "Биздан ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Роббимиз мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир", дейдилар» (Фотир сураси, 33-34-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлим тўшагида ётганларини эсланг. У зотга сизу бизга қараганда мисли кўрилмаган машаққат, кучли оғриқ етди. Саййида Фотима онамиз розияллоҳу анҳонинг раҳми келиб, «Отам қийналиб кетдилар...» деб йиғладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса шундай дедилар: «Бугундан кейин отангизга қийинчилик йўқ. Отангизга ҳеч кимни четлаб ўтмайдиган нарса (ўлим) етди, холос. Энди сиз билан Қиёматда кўришамиз».

Бундан нимани тушунамиз? Демак, ўлим – набийларни, солиҳ зотларни яхшиликка элтувчи неъмат экан. Чунки шу ўлим туфайли бу дунёнинг қийинчиликлари тугайди, ундаги қайғу-аламлар ўтиб кетади. Лекин улар учун ёзилган ажру мукофотлар қолади, иншааллоҳ. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугундан кейин отангизга қийинчилик йўқ», дедилар. Шу билан қайғу замони ўтиб кетди. Дунёнинг ғам-ташвишлари бизни охират неъматларига муштоқ қилиб қўяди, дунё зиндонидан охират неъматларига чиқадиган кунимизга интизор қилиб қўяди.

Бир қиз айтади:
"Жуда кўп йиллар давомида ғам-ташвишсиз жойда бўлиб қолишни орзу қилиб яшадим. Уйимизда муаммоларнинг кети узилмасди, ота-онам мени хафа қилиш бўйича гўёки кимўзарга ўйнашарди. Ҳатто овқат пайти ҳам тинчлик йўқ эди, доим бақир-чақир билан ўтарди. Бозордан кийим-кечак сотиб олишим ҳам онамнинг бақир-чақирлари учун бир баҳона эди. Мен онам хоҳлагандек кийим сотиб олишга қанчалик ҳаракат қилмайин, барибир тирноқ остидан кир қидириб, мени маломат қилаверардилар. Хуллас, онамнинг менга муомаласи худди уйдаги хизматкорга қилинадиган муомала эди. Ҳамма дам олганда менинг ҳам дам олишга, ҳамма кулганда менинг ҳам кулишга ҳаққим йўқ эди гўё.
Мен ўзи бу дунёда бахт юзини кўрармиканман, деб ўкинардим, ўзимга дардкаш дугона қидирардим. Лекин ҳозирги қизларнинг аксарияти ҳам ўзимга ўхшаб, ғам-қайғу манбаига айланиб улгурган экан. Уларнинг ҳар бири дугонасининг бахтсизлиги эвазига бўлса ҳам, бахтга эришишни истайди.
Бу ҳаётда менга бахт улаша оладиган биргина инсон – бувим бор эдилар, холос. Лекин бувим ҳам тўсатдан вафот этиб қолдилар. Бувимнинг вафотидан шунақанги қайғуга ботдимки, ҳатто бир нечта тишим тўкилиб тушди.
Ёшим ҳам улғайиб қолди. Лекин ҳамон ҳаёт уммонида сарсон бўлиб юравердим, юравердим... Ниҳоят, бир кун жаннат ҳақида ўқиб қолдим. Унда жаннат аҳлининг ушбу сўзлари ёзилганди: "У Зот Ўз фазли ила бизни шундай жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам, хорғинлик ҳам етмайди". Ана шунда умримда биринчи марта қайғусиз жой фақат Жаннат эканини тушундим. Шунда англаб етдимки, Жаннатда бериладиган неъматларнинг энг яхшиси – у ерда мутлақо қайғу бўлмаслиги экан! Демак, мен шунча пайтдан бери қидириб юрган қайғусиз жой – Жаннат экан. Шундан кейин қачон ғам чексам, Жаннатга муштоқ бўлавердим. Шундай қилиб, ғам-ташвишларим кўпайган сари, Охиратга муҳаббатим зиёда бўлиб бораверди".
 

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   4831   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ