Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Харидор маҳсулотни татиб кўриши жоизми?

16.09.2024   796   2 min.
Харидор маҳсулотни татиб кўриши жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Бозорда сотилаётган маҳсулотларни харидорлар еб кўриши мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Харидор сотиб олмоқчи бўлган мева ёки бирор егуликдан сотувчининг рухсати билан мазасини татиб кўриши дуруст. Агар сотувчи бунга рухсат бермаса ёки бундан сотувчи зарар кўрадиган бўлса, изн сўрамасдан ундан истеъмол қилиб бўлмайди.

Бундаги асл қоида шуки, бозорда сотилаётган нарса сотувчининг мулкидир. Шундай экан, бировнинг рухсатисиз, унинг мулкидан олиш (ейиш) жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзганинг мулкини ноҳақ ейишдан қайтарган:

“Эй, мўминлaр! Мoл-мулклaрингизни ўртaдa нoҳaқ (йўллaр) билaн емaнгизлaр! Ўзaрo рoзилик aсoсидaги тижoрaт бундaн мустaснo...” (Нисо сураси, 29-оят).

Аммо бозорларда сотувчилар харидорлар еб кўришлари учун олма ёки нок каби меваларни кесиб-бўлаклаб қўйган бўлади. Бу нарса бозорларда урфга кирган ва ундан олиб еган кишидан ҳеч ким норози бўлмайди. Бунда ўша маҳсулотдан сотиб олмоқчи бўлган киши эгасининг рухсатисиз татиб кўриши мумкин. Агар ўша мева ёки маҳсулотлардан олиш мақсади бўлмаса, ундан рухсатсиз татиб кўрмаслиги керак бўлади.

Уламоларимиз ишлаб чиққан фиқҳий қоидалардан бирида: “Одат – ҳакам қилингандир”, дейилган (“Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китоби).

Яъни, шаръий далилларга зид келмайдиган урф-одат ҳалол-ҳаром, ҳақ-ҳуқуқ масалаларида ҳакам бўлади ва шу урфга кўра амал қилиш дуруст бўлади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу каби масалаларда жорий урфга ҳам қаралади: агар урфда сотувчининг розилигисиз маҳсулот таъмини татиб кўриш жорий бўлган ва одатда сотувчи бундан зарар кўрмайдиган бўлса, ундан татиб кўриш дуруст. Акс ҳолда жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   5103   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар