Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Янгиликлар

Сиз нимадан бахтли бўласиз?

16.09.2024   751   2 min.
Сиз нимадан бахтли бўласиз?

Бу дунёда сизни энг бахтиёр қиладиган нарса нима? Мол-дунё, мансаб-мартаба, аёллар, муҳаббат, шон-шуҳрат, обрў-эътибор, ўзгаларнинг олқишларими?
Агар сиз бахтингизни ушбу нарсаларда деб билсангиз, билингки, қалбингизни хиёнаткор ва ғаддор қўлларга топширипсиз, у сизга фақат бахтсизликни истаб, мунофиқлик қилади, минг тусда товланади. 
 

Агар бахтингизни мол-дунёда деб ўйласангиз, билингки, у абадий эмас. Чунки мол-дунё бир кун қўлдан кетади. Тилло ва долларнинг қиймати доимо бир ҳалатда собит турмайди.


Агар мансаб-мартаба, обрў-эътиборни бахт деб билсангиз, бу борада тарих бизга етарли сабоқ берган. Бугун сиз арслонга миниб юрган бўлсангиз, эртага унинг емишига айланишингиз турган гап.


Агар бахтни одамларнинг олқишларида деб билсангиз, шуни унутмангки, одамларнинг фикрлари ҳам ҳар куни ўзгариб туради.


Демак, сиз бор сармоянгизни беқарор банкка қўйибсиз, ўзингизни ваҳшат ва ғурбат оламига отибсиз, йўлтўсарларнинг меҳмонхонасига жойлашибсиз, охир-оқибат хотирингиз жам бўлмайди, роҳат топмайсиз, эмин-эркинлик нималигини билмайсиз. Умрингизни охирги лаҳзасигача хотиржамлик таъмини тотмайсиз. Чунки сиз ўзингиздаги энг қиммат нарсани, руҳингизни саботсиз нарсаларга алишдингиз. Ҳимматингизни ўткинчи лаҳзаларга инъом қилдингиз. Қалбингизни беқарор ва зоил нарсаларга боғладингиз. Виждонингизни вақт ваҳшийлари ғажишига қўйиб бердингиз.


Агар бахтингизни аёлнинг муҳаббатида деб билсангиз, қани у доимо ўзгармай турадиган аёл? Қаерда экан у ўзгаришни қабул қилмайдиган қалб? Ундай қалблар фақат ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтадиган, ҳар водийда дайдийдиган шоирларнинг шеърларидагина бўлади.

Баъзи ориф зотларнинг ҳисобларига кўра, етмиш минг пайғамбар ер юзини кезиб ўз қавмларига ушбу гапларни етказишган. Шу дарсни уларга қайта ва қайта ўтишган. Айни гапларни такрор ва такрор айтишган. 


Одамлар эса ҳали хануз ўз ҳолларича қолмоқдалар. Бирортаси ўзининг бурнидан нарини кўрмайди. Ҳалиям ўзларининг аввалги жоҳилиятларида, арзимас нарсаларни елка тутиб мудофаа қиладилар, ўлим фариштаси гўё уларни эмас, бошқаларни олиб кетадигандек эътиборда бўладилар.


Аслидачи, улар бугунгичалик ҳалокатли ва аянчли ҳолатда бўлмаганлар. Қуръони карим уларга хитобан бундай дейди: "Ўзингизга боқинг, кўрмаяпсизларми?"

Доктор Мустафо Маҳмуд – "Ислом, у нима?" китобидан. 


https://t.me/tuhur 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

27.09.2024   3331   2 min.
Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Яқинда операция бўлдим. Ўрнимдан туриш, ўтириш мумкин эмас. Аёлим ёрдамида таҳорат олиб, ётган ҳолда намоз ўқияпман. Уйқумда эҳтилом бўлдим. Ғусл қила олмайман. Бундай ҳолда қандай қилиб покланиб намоз ўқийман?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз ғусл қила олмасангиз ҳам таяммум қилиш билан покланаверасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).

Демак, мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш жоиз  бўлади. Таяммум қилишга рухсат берилган ушбу оятда “Агар бемор бўлсангиз” дейилган. Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.

Ер жинси – тупроқ, қум, тош, оҳак, гипс, сурма, сурматош, олтингугурт каби ердан бўлган ашёлардир. Шунингдек, турли буюмлар устидаги (масалан, кийимдаги ёки кўрпа-тўшакдаги) чанг ҳам ер жинсига киради. Шу чангни қасд қилиб, таяммум қилиш ҳам мумкин.

Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Покланишни ният қилиб, икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти орқали ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти орқали чап қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Шу билан таяммум қилган бўлади.

Сиз шу тарзда то ғусл қилишга қодир бўлгунингизга қадар таяммум қилиб, намозларингизни адо этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.