Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Сизни соғинчингиз, ё РАСУЛУЛЛОҲ

16.09.2024   742   1 min.
Сизни соғинчингиз, ё РАСУЛУЛЛОҲ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Пайғамбар алайҳис саломнинг саҳобаларининг ичида У зотнинг мавлолари Савбон розияллоҳу анҳу ҳам бор бўлиб, Набий алайҳиссаломга ғоят муҳаббатли, У зотни кўрмаса туролмас эди.

Бир кун Савбон Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига ранги бўзлаган ҳолда келди. Юзида чуқур маҳзунлик бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Савбон сенга нима бўлди, бемормисан?» дедилар.

Савбон: «Йўқ, мен бемор эмасман, ҳеч қаерим оғримаяпти. Бунинг сабаби сизни соғинчингиз, Эй Аллоҳнинг Расули. Агар сизни озгина кўрмай қолсам қаттиқ соғинаман, ҳатто сизни кўрмагунимча бу соғинч, бу изтиробим босилмайди. Бугун ана шундай соғинч ортидан охиратни ўйлаб қаттиқ қўрқиб кетдим. Сиз жаннатда баланд даражага, набийлар билан кўтарилиб кетсангиз. Мен ҳам жаннатга кирсаму, аммо мени даражам сизникидан паст бўлиб, у ерда сизни соғинсам, кўролмайманми?», деди.

Пайғамбар алайҳиссалом жим туриб қолдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом мана бу оятни олиб келдилар: "Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши" (Нисо-69).

Бу оят Савбон розияллоҳу анҳунинг севгиси сабаб умматга барака ояти бўлди. Сизу биз ҳам Аллоҳга итоат қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссаломни севиб, У зотни суннатларига эргашсак, жаннатда У зот билан бирга бўламиз. Пайғамбар алайҳиссалом бошқа бир ҳадисларида "Киши жаннатда севгани билан бирга бўлади", деб марҳамат қилганлар.

Зоҳиджон қори Нўъмонов,
Наманган шаҳар "Мулла бозор охунд" жоме масжиди имом-хатиби.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   4560   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ