Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўз жонига қасд қилиш асосан ёшлар орасида тарқалган бўлиб, баъзан катта ёшлилар орасида ҳам учраб туради. Маълумотларга қараганда, кейинги 15-20 йил давомида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари жаҳон миқёсида жуда ҳам кўпайиб кетган. Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти ҳудудий бошқармаларининг маълумотларига қараганда, 15-24 ёш ўртасидаги ўсмирларда бу ҳолат жуда ҳам ортиб кетган. Ҳатто кейинги ўн беш йилда икки баробар ортиб кетган. Францияда сўнгги 10 йилда 3 баробарга ортган. АҚШда 15-19 ёшдаги ўсмирлар йигитларлар орасида ўз жонига қасд қилиш кейинги 30 йилда 300 % га ўсган. Қизлар орасида 200 % га ортган. Полшада 12-20 ёшли ўсмирлар орасида бу кўрсаткич ўғил болаларда 4 баробар, қизларда 79 % ўсган. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра ўз жонига суиқасд қилишнинг асосий сабалари қуйидагилардир:
Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчимизки, бу фикрлар асосан Европа ўсмиршуносларининг фикрлари. Лекин энг этиборлиси шундаки, юқоридаги барча муаммолар бизнинг ота-боболаримиз қонларига сингиб кетган инсоний эътиқодлар мажмуасининг сабоқлари билан ечилиши энг осон ва тўғри йўлдир. Яъни оилада соғлом эътиқод асоси бўлган исломий тарбия орқали тушунчалар тўғри олиб борилса кўплаб муаммолар бартараф этилиши мумкин.
Инчунун, болаларимиз яхши билишлари керакки, ўз жонига қасд қилиш инсонни нафақат ширин ҳаёт кечириш завқидан маҳрум қилади, балки охирати учун ҳам катта зарар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром экани, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида бундай деганлар: “Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур”.
Бошқа бир ривоятда эса: “Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан баробардир”, дейилган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳа, шариатимиз кўрсатмаларида ҳар бир инсонинг жони, моли ва шаъни муқаддас ва ҳимоялангандир. Шундай экан ҳаётдан бемаҳал кўз юмиши мумкин бўлган ҳар қандай инсоннинг ҳаёти ҳеч кимни бефарқ қолдириши мумкин эмас.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
Илмга қизиқиш, аввало, манбага мурожаат қилишдан бошланади. Тарихни чуқур англаш эса уни китоб, қўлёзма ва ишончли илмий манбалар орқали ўрганишни талаб этади. Янги ўқув йилини янги билим ва катта мақсадлар билан бошлаган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 1 босқич талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Талабалар ташрифни, дастлаб Марказнинг кутубхонаси билан танишишдан бошлади.
Бу ерда улар илмий изланиш учун муҳим бўлган адабиётлар, тарихий манбалар ва турли йўналишлардаги илмий нашрлар билан танишди. Кутубхона нафақат китоблар жамланган маскан, балки тадқиқотчи учун зарур бўлган билим ва манбаларни бир жойга жамловчи муҳим илмий-маърифий макон сифатида намоён бўлди.
Айниқса, ислом тарихи, маданияти, илм-фани ва аждодларимизнинг илмий меросини ўрганаётган ёшлар учун бундай муҳитнинг аҳамияти катта. Чунки аудиторияда ўрганилган билимни мустаҳкамлаш, мавзу бўйича қўшимча маълумот излаш ва илмий изланиш олиб боришда манба билан ишлаш кўникмаси муҳим ўрин тутади.
Мазкур ташриф ёшлар учун навбатдаги экскурсия эмас, балки тарих, илм-фан ва миллий ўзлик билан бевосита юзма-юз келиш имконини берган муҳим маърифий учрашув бўлди.
Институтнинг бўлажак исломшунослари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг бой экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизация жараёнлари, ислом маданиятининг ривожланиши, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Марказнинг Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган экспозициялари талабалар эътиборини тортди.
Тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар, қадимий ашёлар ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги орқали намойиш этилган маълумотлар ёшларнинг ўтмиш ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Бу ерда улар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан боғлиқ маълумотларни кўздан кечирдилар.
Айниқса, бир вақтлар шу заминларда яратилган илмий кашфиётлар бугунги замонавий фанларнинг шаклланишида қандай аҳамият касб этгани талабалар учун қизиқарли бўлди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олаётган ёшлар учун бундай масканнинг аҳамияти, табиийки, янада катта. Чунки улар ўзлари ўрганаётган диний-илмий мероснинг тарихий илдизларини нафақат китоблардан, балки Марказ экспозицияларида бевосита кўриш имконига эга бўлдилар.
Талабаларнинг фикрича, Марказдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — тарихнинг оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки илм-фан, тафаккур ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ яхлит жараён сифатида намойиш этилганидир.
“Бу ерда аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини кўриб, улар билан фахрланиш туйғуси янада кучайди. Айниқса, ислом дини ривожи билан бирга илм-маърифат ҳам юксалиб борганини кўриш биз учун жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди институтнинг 1-босқич талабаларидан бири.
Ёшлар Марказнинг кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда жамланган илмий адабиётлар, тарихий манбалар ва тадқиқотлар бўлажак мутахассисларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим манба бўлиши таъкидланди.
Ташриф давомида талабалар учун Марказнинг фақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан эмас, балки илмий изланиш, маърифат ва замонавий тафаккур уйғунлашган муҳим платформа эканлиги янада яққол намоён бўлди.
Талабалар Марказ билан танишиш жараёнида ўзлари таҳсил олаётган соҳа — исломшуносликнинг қанчалик катта илмий мерос ва тарихий масъулият билан боғлиқлигини ҳам чуқурроқ ҳис этдилар.
Шу маънода, янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф талабалар учун янги билимлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу маърифий ташриф эса бўлажак исломшунослар учун янги ўқув йилини тарих сабоқлари, илмга қизиқиш ва катта мақсадлар билан бошлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати