Аввалроқ “Умра – 2024” янги мавсуми бошланиб, илк гуруҳ зиёратчилари муборак диёрга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу зиёратчилар 3 кун давомида Мадина шаҳридаги замонавий “Grand Shahba” меҳмонхонасида истиқомат қилиш баробарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи шарифлари, муборак қадамжолар ва Масжидун Набавийда зиёрат ва ибодат билан машғул бўлдилар.
Шундан сўнг ўзбекистонлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳлари Пайғамбар шаҳридаги Зул-Ҳулайфа масжидида умрани ният қилиб, оппоқ эҳромда замонавий автобусларда Маккаи мукаррамага йўл олди.
Муқаддас икки шаҳар орасидаги 460 километрлик масофани замонавий автобусларда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтган, тилидан “лаббайка” тушмаган ҳожиларимиз Ишчи гуруҳи ва ҳамкор ширкат вакиллари томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз моҳир ошпазлар пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлгандан сўнг гуруҳ раҳбарлари ҳамроҳлигида тилдан талбияни қўймаганча Масжидул Ҳарамга йўл олишди ва Байтуллоҳда тавоф, саъй каби умра амалларини бажаришга киришдилар.
Аллоҳ таоло зиёратчиларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин, умраларини қабул айласин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Дин ишлари бўйича қўмита, Сергели туман ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Маърифий тарғибот маркази ҳамкорлигида Сергели туманидаги “Мударрис халқаро мактаб”ида пойтахтимизда жойлашган “Минор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфутдинов иштирокида “Кенгмакон” маҳалласида истиқомат қилувчи ота-оналар ва аҳоли вакиллари билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда давомида фарзанд тарбияси, одоб-ахлоқ ва илм эгаллашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат ва маънавий поклик ёшларни ёт ғоялардан асрашда муҳим восита экани таъкидланди. Шунингдек, оиладаги тарбиянинг кучи, ота-онанинг фарзандга намуна бўлиши жамият барқарорлигига хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати