Бугунги кунда негативчиларнинг биргина асосий қуроли бор. Бошқа далиллари эса, унга шунчаки кўмакчи. Яъни, асосий қуроллари бадгумонликдан бошқа нарса эмас. Уларнинг айримлари шариат номидан гапиради ёки ўзларича шариатни ҳимоя қилмоқчи бўлади. Ҳолбуки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мусулмон умматини гумондан қайтарган: “Эй иймон келтирганлар! Гумоннинг кўпидан сақланинг, чунки гумонларнинг айримлари гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрдингизми, Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”.
Мазкур оятнинг тафсирида Исмоил ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бундай ёзади: “Агарчи гумоннинг айримларигина гуноҳ бўлса ҳам, эҳтиёт учун кўпидан сақланиш керак”. Чунки ўша айримлари ҳам ҳалокат бўлишга етарли бўлиши мумкин.
Мўминлар амири Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу: “Мўмин биродарингнинг оғзидан чиққан бир дона калимадан ҳам агар яхшиликни эҳтимол қила олсанг фақат яхшликдан бошқасини гумон қилмагин”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гумондан сақланинглар, чунки гумон сўзларнинг ёлғонроғидур”, деганлар.
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ким ғийбатдан омонда бўлишни истаса, гумон эшикларини маҳкам беркитсин. Ким гумондан узоқда бўлса, дўстининг айбини ахтаришдан омонда бўлади. Ким бировнинг хатосини топишдан холи бўлса, у ғийбатдан четда бўлади”.
Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Биродаринг ҳақида ёмон гумонда бўлишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенгдир”.
Улуғбек қори Йўлдошев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади. Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан