Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Заҳарлаб ўлдиришинг билан тенг

16.09.2024   1065   1 min.
Заҳарлаб ўлдиришинг билан тенг

Бугунги кунда негативчиларнинг биргина асосий қуроли бор. Бошқа далиллари эса, унга шунчаки кўмакчи. Яъни, асосий қуроллари бадгумонликдан бошқа нарса эмас. Уларнинг айримлари шариат номидан гапиради ёки ўзларича шариатни ҳимоя қилмоқчи бўлади. Ҳолбуки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мусулмон умматини гумондан қайтарган: “Эй иймон келтирганлар! Гумоннинг кўпидан сақланинг, чунки гумонларнинг айримлари гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрдингизми, Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир.

Мазкур оятнинг тафсирида Исмоил ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бундай ёзади: “Агарчи гумоннинг айримларигина гуноҳ бўлса ҳам, эҳтиёт учун кўпидан сақланиш керак”. Чунки ўша айримлари ҳам ҳалокат бўлишга етарли бўлиши мумкин.

Мўминлар амири Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу: “Мўмин биродарингнинг оғзидан чиққан бир дона калимадан ҳам агар яхшиликни эҳтимол қила олсанг фақат яхшликдан бошқасини гумон қилмагин”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гумондан сақланинглар, чунки гумон сўзларнинг ёлғонроғидур”, деганлар.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ким ғийбатдан омонда бўлишни истаса, гумон эшикларини маҳкам беркитсин. Ким гумондан узоқда бўлса, дўстининг айбини ахтаришдан омонда бўлади. Ким бировнинг хатосини топишдан холи бўлса, у ғийбатдан четда бўлади”.

Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Биродаринг ҳақида ёмон гумонда бўлишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенгдир”.

Улуғбек қори Йўлдошев

Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   4109   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ