Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Намозхон нигоҳини сажда қилинадиган жойга қаратади, қўллар киндикдан пастга, ўнг қўлнинг бош ва чиначоқ (жимжилоқ) бармоқлари чап қўлнинг бўғинини ушлайди. Қолган ўртадаги учала бармоқ эркин қўйилади.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).
Яна бир ривоятда бундай келади: Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, бундай деганлар: “Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламданми?” деб сўрашган. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдандир”, деб жавоб берганлар.
Демак, бундан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган”.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Али розияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига тушириш – суннатдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг «Тажриду завоиди муснад ал-Баззор» асарида: “Агар ҳадис «Муснади Аҳмад»да келса, бошқа Муснадларга ҳожат йўқ”, деган. Шундай қилиб, ушбу ҳадис ҳасан даражасидан тушмайди (“Эълоус сунан” китоби).
Намозда қўлни киндик остига қўйиш ҳақида “Мухтасару-л-Виқоя” китобида бундай дейилган: “(Намоз ўқувчи) ўнг қўлини чап қўлининг устига қилиб, киндик остига қўяди”.
Намозда қўлни киндик остида тутишнинг баъзи афзалликлари ҳақида “Музмарот” китобидан бундай дейилган: “Қўлни киндик остида тутиш – камтарликка яқинроқдир, хушуъ ва аврат аъзоларини ёпилишига олиб борувчироқдир, изорни тушиб кетишдан сақлагувчироқдир”.
Демак, намозда қўлни қаерда тутиш ҳолати ҳақидаги ҳадисларни мувофиқлаштириш керак бўлади. Уни эса фақат ижтиҳод қилишга қодир уламоларимиз аниқлаб берадилар.
Ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари юқоридаги ҳадисларга асосланиб, эркаклар қўлларини киндик остида тутадилар дейишган. Қолаверса ушбу ҳолат эркакларда таъзим ва хушуъга яқинроқдир.
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.
1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД