Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Август, 2026   |   22 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:50
Қуёш
05:18
Пешин
12:34
Аср
17:29
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
05 Август, 2026, 22 Сафар, 1448
Мақолалар

Неъматларни сўзлаш шукрдир

17.09.2024   8836   2 min.
Неъматларни сўзлаш шукрдир

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу ан­ҳудан ривоят қилинади: «Набий соллал­лоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб дедилар: “Ким озига шукр қилмаса, кў­пига ҳам шукр қил­майди. Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир, уни тарк қилиш но­шукрликдир. Жамоат раҳматдир, тар­қоқлик азобдир” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти). 

“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди”. Шунинг учун седанадек арзимаган нарса берган кишига ҳам раҳмат айтиш лозим. 

“Ким одамларга раҳмат айтмаса, ­Ал­лоҳ­­га ҳам шукр қилмайди”. Яъни одам­лар­нинг яхшилиги, эҳсонига раҳмат айтиш, миннатдорлик билдириш кимнинг табиати ва одатида бўлмаса, Аллоҳнинг неъматларига ҳам шукр қилмайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон кел­тир­ганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўл­сангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят). 

Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Уни улуғлаш, Унинг беҳисоб неъматлари эътирофи, шукронасидир.

“Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир...”. Яъни Аллоҳнинг неъмат­ларини билдириш уларга шукр қилиш­дандир. Аллоҳ таоло марҳамат қи­лади: “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят). 

Шукр уч хил бўлади:

◥ тил шукри – неъматни гапириш билан;

◥ аъзолар шукри – хизмат қилиш, ибодат қилиш билан;

◥ қалб шукри – барча неъматлар Аллоҳ таоло­дан эканини эътироф қилиш билан.

“...уни тарк қилиш ношукрликдир”. Яъни неъматларни гапирмаслик, бекитиш ношукрликдир. Ориф зотлардан бири дейди: «Неъматларни сўзлаш уларни берувчи Аллоҳни эслаш, бошқаларга эслатишдир. Бу эса, қалбларда У Зотга муҳаббат пайдо қилади. Акс ҳолда, бекитиш афзалдир.

“Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир”. Яъни мусулмонларнинг жам бўли­ши, бирдам, якдил бўлиши Аллоҳ таолодан раҳ­матдир, савоб ва яхшиликлар­нинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Абу Нуъайм раҳимаҳуллоҳ “Ҳилятул ав­лиё” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳ ра­ҳи­маҳуллоҳдан нақл қилади: “Пайғам­барлардан бири Аллоҳ таолодан Балъам ибн Боуронинг унга берилган мўъжиза ва кароматлардан маҳрум бўлиши сабабини сўради. Шунда Аллоҳ таоло деди: “У бир куни Мен берган неъматга шукр қилмади. Агар у бир мартагина шукр қилганида эди, ундан неъматимни олиб қўймас эдим”. 

Бизга берилган неъматлар шу қадар кўп ва турли-тумандир. Лекин кўпчилигимиз неъматларга кўмилиб яшасак-да, ҳоли­миздан нолиймиз. Ҳолбуки, улар ҳақи­да озгина фикр юритиб, уларни берган Зот­га: “Буларнинг барчаси Сенинг улуғ фазлингдан, берган неъматларингга розимиз”, деб иқрор бўлишимиз лозим. 

Мансур ЎРАЛОВ,

Сирғали туманидаги “Нўғай қурғон”

жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

04.08.2026   6518   2 min.
Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида “Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш: имкониятлар ва қийинчиликлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистонда вақф тизимини жорий этиш концепциясининг натижалари ва тавсиялари тақдим этилиб, атрофлича муҳокама қилинди.


Давра суҳбатида қатор давлат, нодавлат ва диний-маърифий ташкилотлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия, Адлия ҳамда Маданият вазирликлари, Марказий банк, Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси масъуллари, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институти устозлари ҳамда ислом молияси йўналишида фаолият юритаётган консалтинг компаниялари вакиллари иштирок этди. 
 

Ислом ижтимоий молиясининг муҳим воситаси бўлган вақф тарихан ижтимоий фаровонлик ва жамият ривожини таъминлашнинг муҳим институционал механизми бўлиб хизмат қилган. Замонавий шароитда у барқарор ривожланишга улкан ҳисса қўшувчи тизим сифатида эътироф этилмоқда. Жаҳон банки, Халқаро ислом молия таълими маркази (INCEIF) ва Халқаро ислом молияси шариат тадқиқот академияси (ISRA)нинг ҳамкорликдаги ҳисоботига кўра, бугунги кунда глобал вақф активларининг қиймати 100 миллиарддан 1 триллион АҚШ долларигача баҳоланмоқда.
 

Тадбир давомида соҳа мутахассислари томонидан қатор долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Хусусан, ислом молияси бўйича халқаро эксперт, доктор Аълам Асадов “Вақфнинг асосий тамойиллари, барқарор ривожланиш ва халқаро илғор тажриба” мавзусида ҳамда БМТТД эксперти, доктор Ихтиёржон Тўрабоев “Ўзбекистондаги ҳозирги вақф тизимининг ҳолати: асосий камчиликлар ва таркибий муаммолар” мавзусида тақдимот қилишди. Тақдимотлар якунида “Ал-Муомалат” компанияси раҳбари Искандар Турсунов, “Мезон кенгаши” директори Музаффар Хусниддинов ҳамда “Islamic Business and Finance” (IsBF) таъсисчиси Жаҳонгир Имамназаровлар тизимни ривожлантириш бўйича ўзларининг амалий таклиф ва мулоҳазаларини ўртоқлашди. 
 

Хулоса қилиб айтганда, мазкур тадбир манфаатдор томонлар учун Ўзбекистонда тизимли вақф механизмини жорий этишнинг тегишли ҳуқуқий, меъёрий ва институционал базасини ишлаб чиқиш бўйича муҳим муҳокама майдони бўлиб хизмат қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон янгиликлари