Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб дедилар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир, уни тарк қилиш ношукрликдир. Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди”. Шунинг учун седанадек арзимаган нарса берган кишига ҳам раҳмат айтиш лозим.
“Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”. Яъни одамларнинг яхшилиги, эҳсонига раҳмат айтиш, миннатдорлик билдириш кимнинг табиати ва одатида бўлмаса, Аллоҳнинг неъматларига ҳам шукр қилмайди.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Уни улуғлаш, Унинг беҳисоб неъматлари эътирофи, шукронасидир.
“Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир...”. Яъни Аллоҳнинг неъматларини билдириш уларга шукр қилишдандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).
Шукр уч хил бўлади:
◥ тил шукри – неъматни гапириш билан;
◥ аъзолар шукри – хизмат қилиш, ибодат қилиш билан;
◥ қалб шукри – барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини эътироф қилиш билан.
“...уни тарк қилиш ношукрликдир”. Яъни неъматларни гапирмаслик, бекитиш ношукрликдир. Ориф зотлардан бири дейди: «Неъматларни сўзлаш уларни берувчи Аллоҳни эслаш, бошқаларга эслатишдир. Бу эса, қалбларда У Зотга муҳаббат пайдо қилади. Акс ҳолда, бекитиш афзалдир.
“Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир”. Яъни мусулмонларнинг жам бўлиши, бирдам, якдил бўлиши Аллоҳ таолодан раҳматдир, савоб ва яхшиликларнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Абу Нуъайм раҳимаҳуллоҳ “Ҳилятул авлиё” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: “Пайғамбарлардан бири Аллоҳ таолодан Балъам ибн Боуронинг унга берилган мўъжиза ва кароматлардан маҳрум бўлиши сабабини сўради. Шунда Аллоҳ таоло деди: “У бир куни Мен берган неъматга шукр қилмади. Агар у бир мартагина шукр қилганида эди, ундан неъматимни олиб қўймас эдим”.
Бизга берилган неъматлар шу қадар кўп ва турли-тумандир. Лекин кўпчилигимиз неъматларга кўмилиб яшасак-да, ҳолимиздан нолиймиз. Ҳолбуки, улар ҳақида озгина фикр юритиб, уларни берган Зотга: “Буларнинг барчаси Сенинг улуғ фазлингдан, берган неъматларингга розимиз”, деб иқрор бўлишимиз лозим.
Мансур ЎРАЛОВ,
Сирғали туманидаги “Нўғай қурғон”
жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.
Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.
“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.
Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.
“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.
Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.
“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.
Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.
Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.
Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.
Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати