Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Тарихдаги энг қайғули кун

17.09.2024   1624   3 min.
Тарихдаги энг қайғули кун

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, чошгоҳ ва пешин ўртасида бу ўткинчи дунёни тарк этдилар (Ибн Саъд, Табақот 2/215; Ибн Касир, Бидоя 5/282, 294, 295, 296, 313).


Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабар барча мусулмонлар учун катта зарба бўлди. Шубҳасиз, бу улар учун катта йўқотиш эди. Мадина мусулмонларининг кўплари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан хабардор бўлиб, масжидга шошилдилар. Ушбу воқеадан ҳайратда қолган Умар розияллоҳу анҳу масжидда тўпланган оломонга қарата: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаган …» деб қайтарарди (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/215).


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб Абу Бакр розияллоҳу отга миниб дарҳол Масжидун Набавийга етиб келди. У Сунҳ деган жойдаги уйида эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳамон ўша гапни такрорларди. Абу Бакр жамоатни тинчланишга буюрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги кунларини ўтказган хонага қизи Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига кирди.


Хонага кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудларига ёпилган матони очди ва пешоналаридан ўпди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизга икки марта ўлим бермайди. Ўлимни тотдингиз. Бундан кейин энди ўлимни бошқа тотмайсиз», деди. Ва «Зумар» сурасининг 30-оятини тилга олади:

إِنَّكَ مَيِّتٞ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ

«Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар». Сўнг: «Шу ҳолатда ҳам ҳаётдаги каби гўзалсиз», деб хонадан чиқди. (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот, 2/209).


Унинг гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари билан бир хонада бўлганларни тинчлантирди. Абу Бакр жазавага тушмади, аксинча сокинлик ва босиқлик билан мусулмонлар жамиятига вазиятни тушунтириш ва уларнинг саросимага тушишига йўл қўймасликни ўйларди. Умар ҳануз ўша сўзни такрорларди: «Муҳаммад ўлмаган!..» Абу Бакр ундан ўтиришни сўради.


Одамларнинг диққат-эътибори Абу Бакр томонга йўналгандан сўнг, у жамоатга шундай деди: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилганлар бўлса, билингки, У вафот этди. Ким Парвардигорга ибодат қилган бўлса, билингки, У абадий тирикдир». Кейин Қуръони Каримдан қуйидаги оятни ўқиди:


وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَى عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ


«Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар» (Оли Имрон сураси, 144-оят). (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот 2/211; Ибн Касир, Бидоя, 5/280).

Манба

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   5052   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар