Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, чошгоҳ ва пешин ўртасида бу ўткинчи дунёни тарк этдилар (Ибн Саъд, Табақот 2/215; Ибн Касир, Бидоя 5/282, 294, 295, 296, 313).
Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабар барча мусулмонлар учун катта зарба бўлди. Шубҳасиз, бу улар учун катта йўқотиш эди. Мадина мусулмонларининг кўплари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан хабардор бўлиб, масжидга шошилдилар. Ушбу воқеадан ҳайратда қолган Умар розияллоҳу анҳу масжидда тўпланган оломонга қарата: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаган …» деб қайтарарди (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/215).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб Абу Бакр розияллоҳу отга миниб дарҳол Масжидун Набавийга етиб келди. У Сунҳ деган жойдаги уйида эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳамон ўша гапни такрорларди. Абу Бакр жамоатни тинчланишга буюрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги кунларини ўтказган хонага қизи Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига кирди.
Хонага кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудларига ёпилган матони очди ва пешоналаридан ўпди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизга икки марта ўлим бермайди. Ўлимни тотдингиз. Бундан кейин энди ўлимни бошқа тотмайсиз», деди. Ва «Зумар» сурасининг 30-оятини тилга олади:
إِنَّكَ مَيِّتٞ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ
«Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар». Сўнг: «Шу ҳолатда ҳам ҳаётдаги каби гўзалсиз», деб хонадан чиқди. (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот, 2/209).
Унинг гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари билан бир хонада бўлганларни тинчлантирди. Абу Бакр жазавага тушмади, аксинча сокинлик ва босиқлик билан мусулмонлар жамиятига вазиятни тушунтириш ва уларнинг саросимага тушишига йўл қўймасликни ўйларди. Умар ҳануз ўша сўзни такрорларди: «Муҳаммад ўлмаган!..» Абу Бакр ундан ўтиришни сўради.
Одамларнинг диққат-эътибори Абу Бакр томонга йўналгандан сўнг, у жамоатга шундай деди: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилганлар бўлса, билингки, У вафот этди. Ким Парвардигорга ибодат қилган бўлса, билингки, У абадий тирикдир». Кейин Қуръони Каримдан қуйидаги оятни ўқиди:
وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَى عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ
«Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар» (Оли Имрон сураси, 144-оят). (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот 2/211; Ибн Касир, Бидоя, 5/280).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан олингандир. Аллоҳ азза ва жалла бизга шу йўлни буюрган. Агар Аллоҳ фиқҳга тегишли ҳар бир масаланинг ҳукмини баён қилишни ирода қилганида, ҳозир миллионлаб оятлар, миллионлаб ҳадислар турган бўларди. Лекин ҳаммаси бўлиб, олти мингдан сал ортиқ оят нозил бўлган, муайян ададдаги ҳадислар ворид бўлган. Ҳар бир масалага оят-ҳадис келса, шунча оятни, шунча ҳадисни ким ёд оларди? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз замонларида автомобиллар ҳақида гапиришларини тасаввур қилинг! Унда у зотнинг сўзларини ҳеч ким тасдиқламаган бўларди-ку!
Ижтиҳод қилиш нотўғри десангиз, саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишган. Кейин ўша ўз ижтиҳоди билан чиқарган ҳукмга амал қилишни одамларга буюришган. Одамлар уларга тақлид қилишган, эргашишган. Мана шу йўсинда уларнинг йўлларидан юриб келишган.
Таҳаллул тарафдорлари орасида «Фиқҳ диннинг бир қисми эмас», «Мазҳаб эгаларининг айтганига амал қилиш шарт эмас», деган гаплар тарқалган.
Ташаддуд аҳли ҳам мана шунга чақиряпти. Уларнинг асл мақсади фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, динсизликка етаклаш эди. Масалан, мен динни маҳкам ушласам-у, лекин на ҳанафий, на шофеъий, на моликий ва на ҳанбалий мазҳабини тутмасам, унда диндан нимани ушлайман? Менда фиқҳ деган нарса қолмайди-ку! Фиқҳни мана шу мазҳаблар ташкил қилади-ку! Аллоҳ бизга «Зикр аҳлидан сўранг» деб буюриб, эргашишимизга рози бўлган илмларни мужтаҳидларнинг ижтиҳод ва фикрлари ташкил қилмаса, нима ташкил қилади?!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан