Аввалроқ “Умра – 2024” янги мавсуми бошланиб, илк гуруҳ зиёратчилари муборак диёрга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу зиёратчилар 3 кун давомида Мадина шаҳридаги замонавий “Grand Shahba” меҳмонхонасида истиқомат қилиш баробарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи шарифлари, муборак қадамжолар ва Масжидун Набавийда зиёрат ва ибодат билан машғул бўлдилар.
Шундан сўнг ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари Пайғамбар шаҳридаги Зул-Ҳулайфа масжидида умрани ният қилиб, оппоқ эҳромда замонавий автобусларда Маккаи мукаррамага йўл олди.
Муқаддас икки шаҳар орасидаги 460 километрлик масофани замонавий автобусларда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтган, тилидан “лаббайка” тушмаган умрачиларимиз Ишчи гуруҳи ва ҳамкор ширкат вакиллари томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз моҳир ошпазлар пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлгандан сўнг гуруҳ раҳбарлари ҳамроҳлигида тилдан талбияни қўймаганча Масжидул Ҳарамга йўл олишди ва Байтуллоҳда тавоф, саъй каби умра амалларини бажаришга киришдилар.
Аллоҳ таоло зиёратчиларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин, умраларини қабул айласин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Адлия вазирлиги бундай огоҳлантирмоқда:
Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни (https://lex.uz/docs/11360) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори (https://lex.uz/docs/2356876) талабларига асосан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳар йили 1 февралгача рўйхатдан ўтказувчи адлия органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этишлари шарт.
Ҳисобот (https://lex.uz/docs/3796969) шакли Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган. Ҳисоботларни тақдим қилиш Нодавлат нотижорат ташкилотлари электрон портали (e-ngo.uz) (https://e-ngo.uz/) орқали амалга оширилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (https://www.lex.uz/docs/97664) 239-моддасига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни рўйхатдан ўтказувчи органга ўз вақтида тақдим этмаслиги ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиши мансабдор шахсларга жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳисоботни тўлдириш юзасидан видео қўлланма билан батафсил танишинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати