Марказий давлат архивида фаолият олиб бораётган қозоғистонлик олим Умирбек Канай Истанбулда кутилмаган кашфиёт қилди: у Олтин Ўрда хони Жонибек учун мўлжалланган қадимий қўлёзмани топди, деб ёзади “Миллиард.татар” телеграм-канали.
Ҳужжатнинг 96 саҳифасида Чингизхондан бошлаб, Ўзбекхонгача бўлган Жонибекнинг аждодларига бағишланган хикматлар тилла билан ўйиб битилган. Қўлёзманинг ички муқовасига Усмонлилар султони Боязид II муҳри туширилган. “Islam today” хабарига кўра, бу кашфиёт Канаининг тадқиқот ишлари туфайли амалга оширилди, у илгари бундай материалларга дуч келмаган.
1342–1357 йилларда ҳукмронлик қилган Жонибек Ўзбекхоннинг учинчи ўғли эди. Унинг ҳукмронлиги 1347 йилда Россияга бир марта босқин ва Форс билан муваффақиятли жанги билан ажралиб турди, бунинг натижасида Олтин Ўрда ўз ҳудудларини сезиларли даражада кенгайтирди. Бироқ унинг ҳукмронлиги вабонинг ҳам шоҳиди бўлди, бу унинг Ғарбий Европадаги Қора ўлим пандемиясига алоқадорлиги ҳақидаги миш-мишларни келтириб чиқарди.
Қўлёзманинг бир нусхаси Қозоғистонга етказилган бўлиб, ҳозирда мутахассислар қадимги усмонлилар тилининг элементлари билан мураккаб форс-чиғатой тилида ёзилган ушбу қимматли ҳужжатни ўрганиш устида ишламоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.