Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Шариатда тиш даволатиш, пломба ёки ясама тиш қўйдириш жоиз. Ҳозирда имплант тиш учун турли металлар билан бирга, ҳайвонларнинг суякларидан ҳам фойдаланилмоқда. Бунда ўлимтик ҳайвоннинг суяги, шунингдек, чўчқа ва одамнинг суягидан фойдаланиш динимизда мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Имплант тиш деганда металл винт ёрдамида суякка жойлаштириладиган ва тиш илдизи вазифасини бажарадиган мослама тушунилади. Ушбу мослама чўчқа ва одам суягидан бошқа ўлимтик ҳайвоннинг суягидан бўлиши шариатимизга кўра жоиз саналади. Чунки барча ҳанафий фуқаҳоларимиз ҳамда моликий уламолардан Аллома Ибн Ваҳб ҳайвонлар гарчи ўлимтик бўлса ҳам уларнинг суягидан фойдаланиш мумкин эканига фатво беришган. Аллома Ибн Нужайм бу борада Имом Муҳаммаднинг қуйидаги гапларини келтирадилар:
“Имом Муҳаммад “Сиярул кабир”да айтадилар: “Суяк билан даволаниш жоиз. Бунда суяк қўй, мол, туя ёхуд бошқа ҳайвонларнинг суяклари бўлиши керак. Лекин чўчқанинг ва одамнинг суяги бундан мустасно. Чунки бу иккисиники билан даволаш мумкин эмас. Суяк билан даволашда ҳайвон шаръий сўйилган ёки ўлимтик, ҳўл ёки қуруқ бўлишининг фарқи йўқ” (“Баҳрур роиқ” китоби).
Чўчқанинг гўшти, ёғи ва суяги нажосат экани ва ундан фойдаланиш жоиз эмаслигига барча фуқаҳолар ижмо қилишган. Одамнинг суягидан фойдаланиш жоиз эмаслиги, унинг мукаррамлиги, улуғлигига, қадр-қиммати сабаблидир.
Ҳанафий мазҳабига кўра, одам ва чўчқанинг суягидан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг, гарчи ўлимтик бўлса ҳам, фойдаланиш ёки даво сифатида ишлатиш жоиз. Чунки суякда ҳаёт бўлмагани сабабли у пок ҳисобланади.
Демак, одам ва чўчқадан бошқа жонзотларнинг суягидан имплант тиш учун фойдаланиш жоиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан самимий мулоқотлар йўлга қўйилгани кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, ҳаж, иш, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати