Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Қўллар қулоқ баробаригача кўтарилади

17.09.2024   2354   4 min.
Қўллар қулоқ баробаригача кўтарилади

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима – “Аллоҳу акбар” лафзини айтиб намозга кирилади.

Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади. Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (намозга кириш учун) такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар” (Имом Ҳоким, Имом Дорақутний ривояти).

Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад – уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар.

Бу ҳақда “Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ” китобида қуйидагилар айтилган: “Ҳадисдаги тенглаштиришдан мақсад – икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади”.

Намозга киришда икки қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш ҳақида “Дуррул Мухтор” китобида қуйидагилар айтилади:

“Икки бош бармоқни қулоғларнинг юмшоқ жойига теккизган ҳолатда такбир айтиш – ҳадислардаги тенглаштиришдан кўзда тутилган нарса шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди”.

Демак, намозга киришда такбири таҳрима айтилади ва унда қўллар қулоқ баробарича кўтарилади. Бу ҳанафий мазҳабимиз уламоларининг ижтиҳодлари бўлиб, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган.

Пайғамбар алайҳиссалом намозга киришда муборак қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулоса қилганлар:

Совуқда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва у қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар.

Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борга – нимда у зотни икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар” (Имом Таҳовий ривояти).

Машҳур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар: “Демак, Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар, деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир.

Шундай экан, биз ҳанафийлар такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларини барчасига амал қиламиз: Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз” (“Шарҳ маони-л-осор” китоби).

Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмайди, сабаби барча кийимларнинг енги бор. Демак, ҳозирги пайтда намозга киришгувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради.

Такбири таҳрима (Аллоҳу акбар)ни айтгандан сўнг дунёвий нарсалар ҳақида фикрлаш, гаплашиш ва турли ҳаракатлар қилиш мумкин эмас.

“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

27.09.2024   3211   2 min.
Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Яқинда операция бўлдим. Ўрнимдан туриш, ўтириш мумкин эмас. Аёлим ёрдамида таҳорат олиб, ётган ҳолда намоз ўқияпман. Уйқумда эҳтилом бўлдим. Ғусл қила олмайман. Бундай ҳолда қандай қилиб покланиб намоз ўқийман?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз ғусл қила олмасангиз ҳам таяммум қилиш билан покланаверасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).

Демак, мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш жоиз  бўлади. Таяммум қилишга рухсат берилган ушбу оятда “Агар бемор бўлсангиз” дейилган. Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.

Ер жинси – тупроқ, қум, тош, оҳак, гипс, сурма, сурматош, олтингугурт каби ердан бўлган ашёлардир. Шунингдек, турли буюмлар устидаги (масалан, кийимдаги ёки кўрпа-тўшакдаги) чанг ҳам ер жинсига киради. Шу чангни қасд қилиб, таяммум қилиш ҳам мумкин.

Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Покланишни ният қилиб, икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти орқали ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти орқали чап қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Шу билан таяммум қилган бўлади.

Сиз шу тарзда то ғусл қилишга қодир бўлгунингизга қадар таяммум қилиб, намозларингизни адо этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.