Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Экстремизм ва терроризм хавфидан огоҳлик

18.09.2024   1781   3 min.
Экстремизм ва терроризм хавфидан огоҳлик

Бизга маълумки, бугунги кунда мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқдалар. Мазкур ҳудудларда дин ниқоби остида очиқдан-очиқ зўравонлик, бузғунчилик, мусулмончиликка зид, ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Террористик ташкилотлар, айниқса, интернет тармоғида гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақида тарғибот-ташвиқот олиб бораётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар алданиб “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудига бориб, ушбу гуруҳлар сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Яна эътибор бериш лозим бўлган бир ҳолат, экстремистлар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқармоқдалар. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли кофир демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Яна бир ҳадиси шарифда: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек гуноҳкор бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари)деганлар. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи ва экстремистик гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар.

Ислом – динда чуқур кетишдан, қаттиққўл бўлишдан ва мусулмонларни қўрқувга солишдан қайтаради

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда ғулувга кетишдан эҳтиёт бўлинглар. Зеро, сизлардан олдингилар динда ғулувга кетганлари учунгина ҳалок бўлганлар”, деб уқтирадилар. (Имомлар Аҳмад, Насаий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривояти). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч марта такрор: “Мутанаттиълар ҳалок бўлди”, деганларини ривоят қилган. (Имомлар Муслим ва Абу Довуд ривояти). Мутанаттиълар – чуқур ва ғулув кетганлар, сўз ва ишларида чегарадан чиққанлар, ҳамда қаттиққўлликка ҳожат йўқ жойда қаттиққўл бўлганлар деганидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир мусулмон ёки мўминнинг бирор мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмасдир”, деганлар.

Бир одам ҳазил тариқасида бошқа бир одамнинг кавушини олиб яшириб қўйибди. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берилганида у зот: “Мусулмон одамни қўрқитманг. Зеро, мусулмонни қўрқитиш улкан зулмдир”, дедилар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ноҳақдан қўрқитиб қўйиш мақсадида бировнинг юзига қараган кишининг ҳам қиёмат кунида жазоси борлигини таъкидлаб: “Ким асоссиз равишда бир мусулмонга уни қўрқитиб қўйиш учун қарайдиган бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни қўрқитиб қўяди”, деганлар. Чунки Ислом тинчлик ва омонлик динидир. Мусулмонни қўрқитиш ва чўчитиб қўйиш бу диннинг руҳига тўғри келмайди.

 

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман

“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Суфиев Жаъфархон

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   4957   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар