Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Динимизда электр токи ёрдамида балиқ овлаш дурустми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Электр токи орқали балиқ овлаш шаръан жоиз эмас. Бунда ток кучланиши кучли ёки кучсиз бўлишининг фарқи йўқ. Чунки ток орқали ов қилиш катта-кичик балиқлар ва сувдаги кўплаб жонзотларнинг қирилиб кетишига ёки азобланишига олиб келади. Бу динимиз кўрсатмаларига зиддир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳайвонни овлаётганда унга кўп азият бермасдан, қийнамасдан ўлдиришга буюриб бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсада яхшилик қилишни ёзган. Агар (ҳайвонни) ўлдирмоқчи бўлсангиз, қийнамасдан ўлдиринглар. Агар (ҳайвонни) сўймоқчи бўлсангиз, қийнамасдан сўйинглар. Сизлардан бирингиз тиғини ўткирлаб олсин, сўяётган ҳайвонини роҳатлантирсин!” (Имом Муслим ривояти).
Ундан ташқари электр токи орқали балиқ овлаш балиқларнинг наслини ҳам беҳудага қиради. Сабаби электр токи балиқларни катта-кичик деб ажратмайди, бирдек зарар келтиради. Ўлжаликка эса фақат йирик балиқлар мос келади. Майдалари ва уруғлари шунчаки нобуд бўлади. Йўқотилганлар ўрни тўлиш ўрнига камайиб бораверади. Уруғланиш бўлмагач, балиқлар кўпаймайди, насл давом этмайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса (ўлдирса), албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди”, деганлар (Имом Насоий ривояти).
Қолаверса, динимизда инсон, ҳайвон, ҳатто ўсимлик наслини қиришни фасод — бузғунчилик деб аталган. Аллоҳ таоло айрим бузғунчи кишиларни қоралаб бундай деган: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Шу кунларда Иордания пойтахти Амман шаҳрида Иордания вақф ва ислом муқаддасотлари ишлари вазирлиги томонидан Ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик экани ва уни ҳар қандай зўравонлик, куч ишлатиш, тоқатсизлик кабиларга қарши эканини ўз ичига олувчи «Амман рисоласи» нинг моҳиятига бағишланган 45 илмий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Иордания вақф вазири Холилий, Иорданиядаги Қирол Абдуллоҳ II номидаги даъватчилар тайёрлаш, малакасини ошириш институти ректори доктор Абдуссатор, Иордания бош муфтийси Аҳмад Ҳасанот, Иордания қироллик ҳузуридаги Қуддус ишлари қўмитаси аъзоси доктор Муҳаммад Сидр ва бошқалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саййиджамол домла Масайитов ўз маъруза ва суҳбатлари билан иштирок этмоқда.