Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Электр токи орқали балиқ овлаш жоизми?

18.09.2024   1540   1 min.
Электр токи орқали балиқ овлаш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Динимизда электр токи ёрдамида балиқ овлаш дурустми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Электр токи орқали балиқ овлаш шаръан жоиз эмас. Бунда ток кучланиши кучли ёки кучсиз бўлишининг фарқи йўқ. Чунки ток орқали ов қилиш катта-кичик балиқлар ва сувдаги кўплаб жонзотларнинг қирилиб кетишига ёки азобланишига олиб келади. Бу динимиз кўрсатмаларига зиддир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳайвонни овлаётганда унга кўп азият бермасдан, қийнамасдан ўлдиришга буюриб бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсада яхшилик қилишни ёзган. Агар (ҳайвонни) ўлдирмоқчи бўлсангиз, қийнамасдан ўлдиринглар. Агар (ҳайвонни) сўймоқчи бўлсангиз, қийнамасдан сўйинглар. Сизлардан бирингиз тиғини ўткирлаб олсин, сўяётган ҳайвонини роҳатлантирсин!” (Имом Муслим ривояти).

Ундан ташқари электр токи орқали балиқ овлаш балиқларнинг наслини  ҳам беҳудага қиради. Сабаби электр токи балиқларни катта-кичик деб ажратмайди, бирдек зарар келтиради. Ўлжаликка эса фақат йирик балиқлар мос келади. Майдалари ва уруғлари шунчаки нобуд бўлади. Йўқотилганлар ўрни тўлиш ўрнига камайиб бораверади. Уруғланиш бўлмагач, балиқлар кўпаймайди, насл давом этмайди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса (ўлдирса), албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди”, деганлар (Имом Насоий ривояти).

Қолаверса, динимизда инсон, ҳайвон, ҳатто ўсимлик наслини қиришни фасод — бузғунчилик деб аталган. Аллоҳ таоло айрим бузғунчи кишиларни қоралаб бундай деган: (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   3719   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ