Шу йил 16-20 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси пойтахти Махачқала шаҳрида “Ислом меросининг руҳий ва ахлоқий қадриятлар ва маданий ўзликни мустаҳкамлашдаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Мазкур конференцияда 50 дан ортиқ давлат вакиллари қаторида Ўзбекистон делегация ҳам қатнашди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Иброҳимжон Иномов, Тоҳир Эвадуллаев ва Охунжон Аҳмедовларни Доғистон Республикаси муфтийси Шайх Аҳмад Афанди Абдуллаев юқори эҳтиром ила қабул қилди.
Самимий қабул давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Муфтий Аҳмад Афандига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг дуою саломларини етказишди. Икки томонлама ҳамкорлик алоқалари тўғрисида фикр-мулоҳаза алмашилди. Сўнг Доғистон муфтийси вакилларимизни ташриф билан қутлаш баробарида халқаро тадбирнинг мартабали меҳмон сифатида таклиф қилди.
Муфтий Аҳмад Афанди Ўзбекистон бутун дунёга Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний ва Баҳоуддин Нақшбанд каби юзлаб алломаларни тарбиялаган юрт сифатида машҳур экани, Доғистонга ҳам тасаввуф тариқатлари Ўзбекистон орқали кириб келгани, юртимиз СССР даврида ҳам ўз эътиқоди ва олимларининг илмий меросини йўқотмагани, ҳозирда бутун Россиядаги аксар диний олимлар ҳам ўз даврида Тошкент ва Бухорода диний таълим олишганини катта ҳурмат билан ёдга олиб, юртимиз ҳақида илиқ фикрларини билдирди.
Шунингдек, Аҳмад афанди 2011 йили Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлганини хотирлаб, юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларга юқори баҳо берди ва Ўзбекитон тажрибасини эътироф этди.
Конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов: “Буюк алломаларимиз илмий меросининг руҳий ва ахлоқий қадриятлар ҳамда маданий ўзликни мустаҳкамлашдаги роли” мавзусида маъруза қилди.
Мазкур конференция доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Доғистон гуманитар фанлар институти ректори Н.Бахмуткадиев, Россия ислом институти ректори Р.Мухаметшин, Бирлашган Араб Амиликлари мусулмон жамиятлар кенгаши Бош котиби доктор М.Бишарий ва Дамашқ Фатво маркази раиси Шайх А. Қаббонийлар делегациямиз аъзолари билан ўзаро мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига самимий миннатдорчилик билдириб, салом ва хайрли дуоларини етказишни сўради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал салавоту саломларимиз бўлсин.
Муҳтарам юртдошлар!
Аллоҳга шукрки, гўзал диёримизда ҳар тонгни тинчлик, хотиржамлик билан қарши олмоқдамиз. Ушбу улуғ неъмат сабабли, ҳар соҳада ютуқлар, юксалишлар бўлмоқда, неъматлар кундан-кун зиёда бўлиб бормоқда. Бу юртда инсон азиз, унинг қадри юксак экани, ўзининг ҳаётий ифодасини топиб бормоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлган инсонлар, камбағал оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Шубҳасиз, охирги йилларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёрдамга муҳтож фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича қонуний асослар ва халқпарвар тизим яратилди.
Сиз азиз юртдошларимизга мурожаат қилар эканмиз, шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардикки, ижтимоий ҳимоя масаласида Президентимизга камарбаста бўлиш барчамиз интилаётган фаровон келажак, фарзандларимиз бахту саодатини таъминлашнинг энг муҳим шартидир.
Ислом динида муҳтожларга ёрдам бериш, жисмоний имконияти чекланган инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш энг савобли амаллардан ҳисобланади. Муборак динимиз хайр-саховатга буюрар экан, уни ўз ўрнига сарфлашга амр этади. Муҳтож инсонлар ҳаққига хиёнат қилиш эса оғир гуноҳ саналади.
Юртимизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши халқимиз қалбидаги эзгу иш бўлди. Агентлик оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлаётгани, хайру эҳсонларни ўз эгаларига етказаётгани халқимизни мамнун этмоқда, қалбига хурсандчилик улашмоқда. Албатта, мана шундай меҳрга муҳтож инсонларнинг дуоси билан юртимиз янада обод бўлади.
Ҳурматли юртдошларимиз!
Яратганга шукр, тарбиянинг асосий пойдевори бўлган мактабга, ёшларни илм-маърифатли қилишга давлатимиз томонидан доимий эътибор қаратилмоқда. Янгидан янги мактаблар, боғчалар қурилмоқда. Юртимизда ўрта ҳисобда йилига бир миллион бола туғилмоқда. Бу дегани, етти йилдан кейин бир неча минг мактабга эҳтиёж пайдо бўлади. Шундай экан, саховатпеша кишиларимиз мактаб қуриш ёки таъмирлаш ишларига ҳам катта эътибор қаратишларини тавсия этамиз. Зотан, маърифат, зиё маскани бўлган таълим даргоҳларини қуриш, обод қилиш ажри улуғ амаллардан ҳисобланади. Шунингдек, таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларни моддий тарафдан таъминлаш, уларни контракт-шартномаларини тўлаб бериш, ўқув қурол ва дарсликларини олиб бериш савоби доимий ёзилиб турадиган садақаи жория бўлади.
Азиз ватандошлар!
Таассуфки, тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар, улардаги бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда.
Шу ўринда, зиёлилар, ёши кекса отахону онахонлар, нуронийларга айтар сўзимиз, келинг, биргаликда юртимиз аҳолисига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтирайлик, бу каби иллатларга биргаликда барҳам берайлик. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ, эканини уқтирайлик! Бунинг ўрнига топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берайлик, ана шунда улкан савобга эга бўламиз, иншоааллоҳ!
Қадрли уламолар ва имом-домлалар!
Ижтимоий ҳимоя бўйича Юртбошимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз – дин пешволари қуйидаги 7 та вазифани амалга оширишни белгилаб олмоқдамиз:
Биринчи, уламолар ва имом-хатиблар “Хайру саховат – қалбларга қувонч улашади” шиори остида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда амалга ошириш.
Иккинчи, ҳар бир марказий масжид 5 тадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиш.
Учинчи, ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиблари ҳудудидаги камида 1 та мактабни ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирлаш ишларига ёрдам кўрсатиш.
Тўртинчи, “Вақф” хайрия жамоат фонди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз бўйича кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 200 нафар ёшни касбга ўргатиш ва иш билан банд қилиш.
Бешинчи, “Вақф” хайрия жамоат фонди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда жисмоний имконияти чекланган болаларга 50 дона спорт аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари олиб бериб, уларнинг даволанишларига кўмаклашиш.
Олтинчи, масжид имом-хатиблари ҳомийларни жалб этган ҳолда “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиш ишларини ташкил этиш.
Еттинчи, имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш.
Азиз юртдошлар!
Хайрли ва савобли ишга ҳисса қўшган, етим-есир, бева-бечоранинг бошини силаган одамнинг амал дафтарига қиёматгача садақаи жория савоби тўхтамасдан ёзилиб туришини, бундай одам халқ ичида, эл орасида доимо ҳурмат ва эъзозда бўлишини унутмайлик!
Аллоҳ таоло эзгу ишларимизни Ўзи мукофотласин, омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши раиси,
муфтий Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР
Тошкент шаҳри
2024 йил 26 декабрь