Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Қуръондаги 6 шифо ояти

18.09.2024   1707   2 min.
Қуръондаги 6 шифо ояти

Банда бирор касалликдан азоб чекаётганда, шифо сабабларини излаши шартдир. Бу борада шифокорга мурожаат этиш, дори-дармонларни қабул қилиш, сабрли бўлиш, шунингдек, касалликнинг олдини олиш талаб этилади.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.

Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.

Шифо оятларига қуйидагилар киради:

وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ

(Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).

 

يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

“Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).

 

يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).

 

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур (Шуаро сураси, 80-оят).

 

قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ

Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   3721   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ