Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Ўзи

18.09.2024   2318   3 min.
Кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Ўзи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Албатта, ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло яратган, буни Ўзининг каломида айтган: “Ҳар бир нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир” (Зумар сураси, 62-оят).

Демак, қайғу ҳам Аллоҳ яратган нарсалардан бири экан. Ўзи яратганидан кейин унинг Эгаси ҳам Ўзидир. Шунинг учун қайғу фақатгина Эгасининг буйруғи билан пайдо бўлади, фақат Унинг буйруғи билан бирор кишига етади. Аллоҳ таоло бир инсоннинг тақдирига қайғуни ёзган бўлса, маҳзун бўлиб, йиғлайди. Аллоҳ таоло ундан ана шу қайғуни даф этса, хурсанд бўлиб, шодланади, кулади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзини кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Ўзи, деб сифатлаган[1].

Аллоҳ таоло инсонни кулишга ҳам, йиғлашга ҳам қобилиятли қилиб яратган. Уламолар айтади: Маймун кула оладиган ягона ҳайвон бўлса-да, йиғлай олмайди. Туя йиғлай оладиган ягона ҳайвон бўлса-да, кула олмайди. Инсонгина кулишга ҳам, йиғлашга ҳам қобилиятли. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига бир нишонадир.

Кулгининг ҳам, йиғининг ҳам сабабларини яратган зот – Аллоҳдир. Бир бандасини бахтли қилиб, кулдирса, бошқасини бахтиқаро қилиб, йиғлатади. Уламолар «кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Ўзи» деган оятнинг маъносини шундай тушунтирадилар:

«Аллоҳ таоло қувонч ҳам беради, қайғу ҳам беради. Шодлик кулгини чорласа, қайғу йиғини чақиради… Кулгининг ҳам, йиғининг ҳам сабабларини яратган Зот Аллоҳдир. Бу сабаблар яхши ёки ёмон сабаблар бўлиб, улардан шодлик, қувонч ёки маҳзунлик, қайғу келиб чиқади. Бунда Аллоҳнинг буюк, етук ҳикмати бор.

Ажабланарлиси шуки, бир кишининг бир сабаб билан йиғлаётганини кўрсангиз, худди шу сабаб билан бошқасининг кулаётганини кўришингиз мумкин. Янада қизиғи шуки, бир одам бугун бир сабаб билан йиғлаган бўлса, эртага худди шу сабаб уни кулдириши ҳам мумкин.

Бир шифокор аёл айтади:

“Ҳомила борлигини аниқловчи ультратовуш текширув хонасида ажойиб ҳодисалар учраб туради. Бир куни ҳомиланинг ўғил ёки қизлигини аниқлаётиб, бўлажак онага: “Қутлуғ бўлсин, ўғил экан!” дедим. У эса бирдан йиғлаб юборди. Сабабини сўрасам, “Еттита ўғлим бор, шуниси қиз бўлсин деб Аллоҳдан роса сўраган эдим”, дейди. Худди шу куни бошқа бир бўлажак она келди. Уники ҳам ўғил экан. Айтсам, кўзига қувонч ёшлари тўлиб, кулиб юборди. Кулгисининг сабабини сўрасам, Аллоҳ мени еттита қиз билан сийлаган! Бу сафар ўғил сўраган эдим, деди. Субҳаналлоҳ!!! Бир хил хабарга униси кулиб, буниси йиғлайди-я!”.

 

Бошқа бир ҳамшира айтади:

“Соғломлаштириш марказида ишлайман. Марказимизда ажойиб ҳодисаларга гувоҳ бўлиб тураман. Бир куни мижозларимиздан бири тарозига чиқди. Вазни 150 килограмм экан. Хурсандлигидан учиб кетаёзди, чунки бир неча ой аввал вазни 200 килограмм бўлган экан! Кейинроқ бошқа мижозимиз тарозига чиққан эди, у ҳам 150 килограмм чиқди. Бу аёл ҳам хурсанд бўлади деб турсам, йиғлаб юборди. Сабабини сўрасак, вазни аввал 130 килограмм бўлган экан. Субҳаналлоҳ! Бир хил вазнга унисини кулдиряпти, бошқасини йиғлатяпти”.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.


[1] Нажм сураси, 43-оят

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   4961   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар