Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Борлиқдаги барча нарса Аллоҳнинг измидадир. Борлиқдаги қонунларни яратган ҳам, хоҳласа уларни ўзгартирадиган ҳам Аллоҳдир. Вақти келиб борлиқдаги барча қонунлар бузилади ва ерда ҳаёт тугайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿إِذَا السَّمَاءُ انْفَطَرَتْ وَإِذَا الْكَوَاكِبُ انْتَثَرَتْ وَإِذَا الْبِحَارُ فُجِّرَتْ وَإِذَا الْقُبُورُ بُعْثِرَتْ عَلِمَتْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ وَأَخَّرَتْ﴾
“Вақтики осмон ёрилса. Ва вақтики юлдузлар сочилиб кетса. Ва вақтики денгизлар портлатилса. Ва вақтики қабрлар остин-устун бўлса. Ҳар бир нимани муқаддам қилди-ю, нимани охир қилди биладир” (Инфитор сураси, 1-5 – оятлар).
Қуръони каримда қиёмат куни бўладиган ҳолатларни ёритган оятлар жуда кўп. Айримлар бундай дейдилар “Яратганнинг қудрати мукаммалдир. Шунинг учун борлиқдаги қонуниятлар миллион йиллар ўтса-да, ўзгармасдан қолаверади, бир сония ҳам ўзгармасдан туради”. Уларга айтадиган гапимиз шуки “Аввало борлиққа яхшилаб назар солинглар. Наҳотки ўтган замонлардан бери коинот, борлиқ ўзгармаган бўлса?!
Яна айримлар эса борлиқдаги қонуниятларни ўзгарувчан деб биладилар ва буни Яратганнинг қудрати эркинлиги билан изоҳлашга уринадилар. Уларга ҳам бу эътиқодлари хато эканлигини билишлари учун атрофга боқишлари кифоя эканлигини эслатиб қўймоқчимиз.
Инсон зулм кўрган пайтда қалбидан “Аллоҳ бор, мени ташлаб қўймайди” дея умид қилади. Нега? Чунки ҳамма бир лаҳзада вазият Аллоҳнинг изни ила ўзгариши мумкинлигини яхши билади.
Одатда инсон сабабият қонуниятлари амал қилаётган пайтда Аллоҳни кам эслайди. Аслида ҳамма нарса Аллоҳнинг изни ила содир бўлаётган бўлса ҳам бу нарсани оддий қабул қилади. Бироқ кутилмаган пайтда ишлар бўлгандагина инсон яхшироқ тафаккур қилишни бошлайди, яратган эгасини эслайди. Аллоҳнинг борлигига атрофимиздаги нарсалар орқали мисоллар келтирдик. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿وَفِي أَنْفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ﴾
“Ўзингизда ҳам (мўжизалар бордир). Кўрмайсизларми” (Зориёт сураси, 21-оят).
Киши ўзига назар солса, Лекин мўжизаларни кўрмаса унда ушбу оятнинг маъноси нима?
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг
“Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар” китобидан.
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ