Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Машҳурлик касали

18.09.2024   2077   4 min.
Машҳурлик касали

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ато ибн Аби Рабоҳ ўз вақтида энг буюк инсон эди. Унинг мажлисида еттита ёки саккизта инсон бўлар эди».

Эътибор беринг. Умавийлар халифасининг жарчиси ўша даврда: «Ҳажда инсонларга фақатгина Ато ибн Аби Рабоҳ фатво беради», деб жар солган эди. Буюк имомлардан Маймун ибн Миҳрон роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, Атодан сўнг унга ўхшагани келмаган. Аммо шундай бўлсада, у дарсларида ҳозир бўлган кишиларнинг озлигидан жирканмасдан, дангасалик қилмасдан, зерикмасдан дарсда бардавом бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Муснад»ларини уч кишига мукаммал айтганлар холос. Ҳанбал ибн Исҳоқ айтади: «Аҳмад ибн Ҳанбал мени, Солиҳни ва Абдуллоҳни жамлаб бизга «Муснад»ни ўқиб берди. Уни биздан бошқа ҳеч ким эшитмаган. Ваҳоланки, у бизга бу китобдаги ҳадисларни етти юз эллик минг ҳадис ичидан танлаб олганини айтан эди». Яъни, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ «Муснад»ни шунча меҳнат ила жамлаган бўлсаларда уни учтагина инсонга имло қилишдан зерикмаганлар Аллоҳ рози бўлсин!

Инсон кўпчиликка қизиқади, кўпчилик унга ёқади. Мухлисларининг зиёда бўлганида қувонса, уларнинг камайганидан қалблар маҳзун бўлади. Бу тўғрисида нафслар турлича бўлади. Аммо бу жойда бошқа нарсани сўзламоқчимиз. Ҳақиқий даъватчини тингловчиларнинг озлиги мақсадидан чалғитмаслиги лозим. Унинг дарслари ва мавъизаларига келувчиларнинг озлиги унинг ғайратини сўндирмаслиги керак. Унинг вазифаси бу майдонда фақат етказишдир. Бу Набий алайҳис саломнинг йўлларидир.

Баъзи олимларнинг ҳаётига назар соладиган бўлсак уларнинг олдинги фаолиятида ниҳоятда оз инсон тинглагани, кейинчалик эса унинг сабри ва матонати сабаб тингловчилари беҳад кўпайиб кетганини кўрамиз.

Шайх Абдулкарим Хузайр ўзининг «Тафсири Қуртубий»ни дарс берганини бундай эслайди: «Бу тафсирни 22 йил дарс бердим. Аввалда ниҳоятда озчилик келди дарсимга. Улар узилиб-узилиб келишар эди. Таълимнинг бошида бу табиий. Кўп толиблар эшитувчиларнинг озлиги учун дарсни ташлаб кетишади. Дарсдан энг кўп фойда оладиган киши устоздир. Мен айтар эдимки, дарсга келадиган бир кишига агар пул берсанг ҳам унинг сенга муҳтожлигидан сенинг унга муҳтожлигинг кўпроқдир!»

Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади: «Мен жума намозига борар эдим. У ерда одам кўп бўлса хурсанд бўлар, одам оз бўлса хафа бўлар эдим. Буни Бишр ибн Мансурга айтдим. Шунда у деди: «У ёмон мажлисдир. У ерга қайтиб борма!». Мен қайтиб у масжидга бормадим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ва матонатлари бу тўғрисида бизга гўзал намунадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Абсани исломга даъват қилганларида у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сен билан бирга кимлар бор?», деб сўраган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бир ҳур ва бир қул», деган эдилар. Ўшанда у зотнинг атрофларида фақатгина Абу Бакр ва Билол розияллоҳу анҳу бор эдилар.

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Талбису Иблис» китобида бундай дейди: "Баъзилар тобеларининг кўплиги билан фахрланади. Шайтон унга "сен толибларнинг кўплигидан фахрланаяпсан, бунда ҳеч қандай ёмонлик йўқ" дейди. Аслида у асҳобларининг кўпайишини, номини чиқаришни, донг таратишни мақсад қилган бўлади. У тобеларининг сўзларидан ужбга кетади. Агар унинг тобелари ўзидан кўра олимроқ бошқа бир инсоннинг олдига кетса, бу унинг нафсига оғирлик қилади. Бу таълимдаги ихлосли кишининг иши эмас".

Олимларнинг вазифаси етказиш. Ҳидоят қилиш Аллоҳнинг иши. Маълумки, мўъмин инсон одамлар ҳаққа ижобат қилишмаса хафа бўлади. Ана шу хафа бўлувчилар иккига бўлинади:

1. Инсонлар уни эшитишмагани учун хафа бўлади.

2. Инсонлар ҳақни қабул қилмаганлари учун хафа бўлади.

Иккинчиси мақтовга сазовор хафаликдир. Чунки биринчиси ўзига даъват қилади. Иккинчиси эса Аллоҳга даъват қилади. Бишр Ҳофий роҳимаҳуллоҳ: «Машҳурликни севадиган киши Аллоҳдан қўрқмайди», деганлар.

Аллоҳ барчамизни ислоҳ қилсин!

Абдулқодир Полвонов

Мақолалар
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   3709   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ