Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Қиз бола қила оладиган энг муносиб иш нима?

19.09.2024   1945   4 min.
Қиз бола қила оладиган энг муносиб иш нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қиз бола бажара оладиган энг яхши иш – оддий (қилиш осон), доимий (қиз бола бутун умр, узлуксиз, ҳар куни қила оладиган), яхши таъсир кўрсатадиган, кўплаб савоб келтирадиган ишдир.

Биз бу сифатларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан, у зотнинг уйларидаги ҳолатлардан ўргандик.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун энг суюкли амал  – оз бўлса ҳам, бардавом амалдир», дер эдилар». Имом Муслим ривоят қилган.

Кичик бўлса ҳам, бардавом, мунтазам, доим қилинган ишлар кўп бўлса ҳам, бардавом бўлмаган ишдан яхши экан. Демак, савоб олиш учун, Аллоҳ бизни яхши кўриши учун фақат катта, кўп ишларни қилишга мажбур эмас эканмиз. Роббимизга биз қиладиган ишнинг катта-кичиклиги эмас, бардавом қилиниши суюкли экан. Кичик бир яхши амални ҳам доим, ҳар куни, канда қилмай бажарсак, Роббимизга суюкли бўлаверар экан.

Саҳоба ва тобеъинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, ўрнак олиш учун у зотнинг кундалик ишларини, феълларини билишга жуда қизиқишар эди.

Буюк тобеъинлардан Масруқ ибн Аждаъ роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан «Расулуллоҳ қандай амални яхши кўрар эдилар?» деб сўрасам, «Доимий амални», дедилар.

Бошқа ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳга энг суюкли амал – давомли бажариладиган амал эди», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Яна бир тобеъин – Алқама ибн Қайс ҳам Нахаъийдан шунга ўхшаш ривоят келтирган:

«Мўминларнинг онаси Оишадан «Расулуллоҳнинг амаллари қандай эди?» деб сўраган эдим, «Расулуллоҳнинг амаллари дийма эди», дедилар».

Араблар «дийма» деб чақмоқсиз, момақалдироқсиз, узоқ ва сокин ёғадиган ёмғирни айтишади.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни мукаммал бажарар эдилар. Бетоб бўлиб ёки чарчаб ухлаб қолиб, тунги намозларини ўқий олмай қолсалар, кундузи ўн икки ракъат қилиб ўқиб қўяр эдилар». Имом Муслим ривояти.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси ишга кўл урмасинлар, уни мукаммал бажарар эдилар, уни пухта, эътибор билан адо этар эдилар, энг асосийси – ўша ишда бардавом бўлар эдилар. Оиша онамиз бунга ҳаётий мисол келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни кечаси нафл намоз ўқиганларини, бирор марта қолдирмаганларини айтяптилар. Мабодо беморлик ёки чарчоқ туфайли ўқий олмай қолсалар, худди сиз билан биз фарз намознинг қазосини ўқигандек, кундузи ўн икки ракъат қилиб ўқиб қўяр эканлар. Бир амални давомий қилиш, уни бирор марта ҳам қолдирмасликка уринишнинг энг ёрқин мисоли мана шудир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг ҳолатини доим назорат қилардилар, бир ишни бардавом қилган одамни мақтар эдилар, бирор ишни бир муддат қилиб, кейин ташлаб қўядиган кишини койир эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Тунги намозни баъзан ўқиб, кейин ташлаб қўядиган Фалончи каби бўлмагин!» деганлар». Имом Бухорий ривояти.

Энди сизга бир савол:

Ҳаётингизда давомли, узлуксиз қиладиган бирор ишингиз, яхши амалингиз борми?

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

27.09.2024   3132   1 min.
Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев минтақа билан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

  Перлис – Малакка ярим оролида жойлашган, мамлакатнинг асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатларидан бири. Минтақада қишлоқ ва балиқчилик юқори даражада ривожланган, шунингдек, у Малайзияда шакарқамиш ва табиий каучук ишлаб чиқаришда етакчи саналади.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихона делегациясини Малайзиянинг Перлис султони Саййид Сирожуддин Саййид Жамолуллайл қабул қилди.

 Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

 Султон Сирожуддин 2003 йилда Малайзия қироли сифатида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганини, Ўзбекистон тараққиёти билан танишганини илиқлик билан эслади.

 Шунингдек, ташриф давомида ушбу давлат муфтийси Муҳаммад Aсри Зайнул Обиддин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризмни, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

  Малайзия томони бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихий-маданий меросини малайзияликлар орасида тарғиб қилишга катта ҳисса қўшади, – деб маълум қилди.

  Ташриф якунлари бўйича Малайзия томони Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Доимий алоқаларни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари