Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қачон қарз олиш мумкин?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар омонликда бўлсангиз ўзингизни хавфга ташламанг” деган маънодаги ҳадисни айтгандилар, саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?” дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Қарз (олиб)”, деб жавоб бердилар.
Қарз
Қарз инсон ҳаловатини ва тинчини бузади. Кечалари ташвишга, кундузлари эса, хорликка сабаб бўлади. Шунинг учун мусулмон банда имкон қадар қарз олишдан сақланмоғи лозим. Қарздорлик оғир масъулият ва жавобгарликдир. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб вафот этган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Шунда у зот алайҳиссалом:
“Унинг зиммасида қарз борми?” дедилар.
“Ҳа, икки динор”, дейишди.
“Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг. Зиммасида қарзи бор одамга жаноза ўқимайман”, дедилар.
Бу ишдан саҳобалар қаттиқ ҳайратландилар. Шу пайт саҳобалардан бири: “Ўша икки динор менинг зиммамга, ё Аллоҳнинг Расули”. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар.
Аллоҳ таоло фатҳлар ато этганидан кейин, мусулмонлар бойликларга эга бўлишгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда”, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг қарзларини тўлашда ҳам отамиздан кўра меҳрибонроқ эдилар.
Набавий огоҳлантириш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсани ўз номидан бошқа ном билан аташдан қайтарганлар. Бугунги кунда рибо бошқа ном билан, қарз эса бўлиб тўлаш, яна қайндайир хайрия ташкилотлари каби номлар билан аталмоқда. Лекин қандай аталмасин қарз бу – мажбурият, инсоннинг зиммасидаги оғир масъулиятдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздорликдан паноҳ сўрардилар
Ақлли инсон имкон қадар агар ўта муҳтож ёки зарур бўлмаса қарз олмайди. Афсуски бугунги кунда эса қарз олиш одатий ҳолатга айланди. Қарз бериш осонлашди, унинг турлари кўпайди. Ҳар қадамда, кўчаларда, ОАВ, ҳатто қўл телефонингизда ҳам “Ҳашаматли уйга, янги машинага эга бўлинг деган” қарз олишга тарғиб қилувчи рекламалар тўлиб-тошди. Аммо унутмангки, қарз фақатгина муҳтож бўлинган ҳолатда олинади. Лекин баъзи одамлар ортиқча нарсалар, ҳаттоки дам олиш, сайёҳатлар учун ҳам қарз олишмоқда. Инсон буларнинг барчасидан эҳтиёт бўлиши лозим.
Инсон имкон қадар борига қаноат қилмоғи лозим. Масалан, эҳтиёжини қондирадиган машинани ҳайдасин. Қимматбаҳо машинани қарзга олиш шарт эмас. Кейин зиммасидаги қарзларни узолмай қийналиб юради.
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД
2024 йил 30 октябрь куни Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ҳасанбой ота” жоме масжидида амалий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги раҳбарияти ва ходимлари, вилоят туман ва шаҳарларининг бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, “Ҳаж-2024” зиёратчилари, МФЙлар раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойиларнинг “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, тумандаги масжидлар фаолияти ўрганиш, пешин намозида масжидларда долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент туманининг 18 та масжиди ҳамда 20 та маҳалласига бириктирилиб, хонадонларга кирилиб, турли йўналишлар бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Хусусан, имом-хатиблар 100 та оилага, отинойилар 14 та оилага, умумий ҳисобда 114 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган 32 та оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. 36 та ҳолатда оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинди, 4 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди, 7 оилани яраштириш жараёнини давом эттириш белгиланди. 23 та хонадонда ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида суҳбатлашилди. Шунингдек, ногирон ва касалманд фуқаролар яшайдиган 2 та оилага кирилиб, улардан кўнгил сўралди, даволаниш ва дори дармон, 3 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Тошкент туманида масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати