Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир

19.09.2024   2892   3 min.
Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир. Беришни ўзингни аҳли оилангдан бошлагин. Садақанинг энг яхшиси ўзинг ва аҳлингга қилган нафақангдан ортганидир. Ким иффатли бўлса Аллоҳ таоло уни иффатли қилади. Ким инсонлардан ўзини беҳожат тутса Аллоҳ таоло уни беҳожат қилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини иззат-нафсли бўлиб одамлардан бирон нарса сўрашдан беҳожат бўлишга чақирар эди. Ҳатто, айрим саҳобалардан инсонлардан бирон нарса сўрамасликка байъат ҳам олганлар. Ўша байъат қилганлар орасида шундай саҳобалар бор эдики, агар уларни қамчиси ерга тушиб кетса ҳам бировга олиб бергин, дейишмас эди.

Бировлардан нарса сўрашдан беҳожат бўлиш шариатнинг талабидир. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир”, деган сўзларида очиқ ойдин таъкидлаб айтганлар. Лекин бирор инсон ҳадя берадиган бўлса уни олишда ҳеч қандай зиён йўқ. Чунки, Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу айтадилар: Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саъдий розияллоҳу анҳуга йўлиқиб қолганида: сенга мусулмонларни ишидан бир ишга волий бўлгин, дегандим, сен эса уни қабул қилмадинг, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Саъдий: мени ҳолатим яхши қул ва отларим бор. Мен у ишдан беҳожатман, сен менга таклиф қилаётган ўша иш бошқа мусулмонларга садақа бўлиши мен учун яхшироқдир, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: ундай қилмагин чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳадялар берар эди мен эса: Эй Аллоҳнинг Расули! уни мендан бошқаларга беринг, дер эдим. Бу ҳол яна қайтарилганда мендан бошқага беринг, десам "буни олгин эй Умар! агар ўзинг учун ишлатмасанг уни садақа қиларсан, Аллоҳ таоло сенга бу молдан берган нарсани агар ўзинг сўрамаган бўлсанг уни олгин, бўлмаса ўзингни ундан сақлагин!" дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисларини давомида: “агар ортиқча молинг бўлса, уни ўз аҳлингга инфоқ қилгин”, дедилар. Чунки, мусулмон киши аввало вожиб бўлган нафақани қилиши керак. Шундай нафақалардан бири бу-киши ўз аҳлига ва болаларига қилган нафақадир. Бундан кейин эса яқин қариндошларига сўнгра бошқа муҳтож инсонларга берилади.

Ҳадиснинг давомида “Садақанинг энг яхшиси ўзинг ва аҳлингга қилган нафақангдан ортганидир” дейилди. Чунки, фарз амалларни бажариш нафл амалдан кўра авлороқдир. Бирор бир киши ўзи ва аҳли оиласини ҳалокатга ташлаб бошқа бировни қутқармайди. Чунки, ўзи ва аҳли оиласининг ҳаққи бошқа бировнинг ҳаққидан кўра вожиброқдир.

Ҳозирги кунимизда ушбу ҳадисга қанчалар муҳтож эканлигимизга бир назар ташлайлик!. Баъзи бир инсонлар ўткинчи ҳою-ҳавасга берилиб дабдабали тўй қилмоқда натижада эса ўзи ва аҳлини нафақасини унитиб қарзга ботиб қолмоқда. Бу эса биз ўрганаётган ҳадисга мутлақо зид эканлигини кўриб турибмиз.

Ҳадиснинг давомида “Ким иффатли бўлса Аллоҳ таоло уни иффатли қилади. Ким инсонлардан ўзини беҳожат тутса Аллоҳ таоло уни беҳожат қилади” дейилди. Яъни, бир инсон одамлардан ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ таоло уни ё мол-давлат бериб ёки борига қаноат қиладиган қилиб, мукофотлайди.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзидан ўзгага муҳтож қилмасин! Зиммамиздаги аҳли оиламизнинг ҳақларини тўла-тўкис адо қиладиган инсонлардан бўлишимизни барчамизга насиб айласин!

Андижон шахар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби:
Авазбек Мўминов

Бошқа мақолалар

Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

27.09.2024   2805   2 min.
Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Яқинда операция бўлдим. Ўрнимдан туриш, ўтириш мумкин эмас. Аёлим ёрдамида таҳорат олиб, ётган ҳолда намоз ўқияпман. Уйқумда эҳтилом бўлдим. Ғусл қила олмайман. Бундай ҳолда қандай қилиб покланиб намоз ўқийман?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз ғусл қила олмасангиз ҳам таяммум қилиш билан покланаверасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).

Демак, мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш жоиз  бўлади. Таяммум қилишга рухсат берилган ушбу оятда “Агар бемор бўлсангиз” дейилган. Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.

Ер жинси – тупроқ, қум, тош, оҳак, гипс, сурма, сурматош, олтингугурт каби ердан бўлган ашёлардир. Шунингдек, турли буюмлар устидаги (масалан, кийимдаги ёки кўрпа-тўшакдаги) чанг ҳам ер жинсига киради. Шу чангни қасд қилиб, таяммум қилиш ҳам мумкин.

Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Покланишни ният қилиб, икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти орқали ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти орқали чап қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Шу билан таяммум қилган бўлади.

Сиз шу тарзда то ғусл қилишга қодир бўлгунингизга қадар таяммум қилиб, намозларингизни адо этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.