Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳанафий мазҳабига кўра, Фотиҳа сурасидан кейин омийнни ҳар бир намозхон ичида (махфий) айтади. Барча мужтаҳид уламоларимизнинг наздларида намозда Фотиҳа сурасидан кейин “омийн”ни айтиш суннат ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабимиз ва моликий мазҳабида “омийн”ни овоз чиқармай айтиш керак бўлади. Бунга қуйидаги маълумотлар далил қилиб келтирганлар:
1. “Омийн” лафзи дуодир. Унинг маъноси “ижобат қил”, яъни “дуони қабул қил”, демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай дедилар: “Ичида (махфий) қилинган дуо устида (ошкор) қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади” (Имом Абу Шайх ривояти).
Муҳаддис Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” асарида ушбу ҳадисни келтиради: “Дуонинг яхшиси махфийсидир”.
Демак, “омийн”ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.
2. Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо “(Намоз ичидаги) бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омийн”ни ҳам овоз чиқариб айтишмасди” (Имом Табароний ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган ҳазрат Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо каби саҳобийларнинг “омийн”ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам “омийн”ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади.
Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг исмлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.
3. “Омийн” лафзини Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, ушбу лафз арабча ҳам эмас. “Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса ҳам “Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “омийн”ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!
4. Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган.
Агар “омийн”ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, у зот алайҳиссалом бу нарсани баён қилган бўлардилар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб “омийн”, деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айниқса имомга иқтидо қилган кишиларнинг “омийн”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.
Бугун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда (“тегажоғлик қилди, зўрлади” мазмунидаги) ахлоқий бузуқлик билан боғлиқ нохуш хабарлар кўпайиб кетди. Уларни ўқиганинг сари фиғонинг ошади. Наҳот инсон тубанликка борса. Бу иллат вояга етмаганлар орасида ҳам, ақли расо ва ҳатто ёши бир жойга бориб қолган инсонлар орасида ҳам урчиётгани ташвишли ҳолдир.
Бугун фаҳшни тарғиб қилаётган воситалар шунчалар кўпки, бундан қочишнинг иложи йўқдек. Олдинлари киши айтишга ор қиладиган беҳаё гаплар эндиликда очиқчасига сериаллару киноларда, ижтимоий тармоқларда ташвиқ қилинмоқда. Оқибатда инсонларда ҳаё пардаси кўтарилиб кетаётгандек...
Бунинг таъсирида зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар ортиб, ўлим билан якунланганлари бор. Умри хазон бўлган ёш қиз-жувонлар, ўсмирлар қанча. Вояга етмай оила қураётганлар, мактаб партасида ўтириб она бўлаётганлар-чи? Хиёнат сабаб оиласи бузилаётган, болаларини етим қилаётганлар, яқин қондошлик алоқаларини узаётганлар ҳам етарлича. Бунинг ортидан юқумли ва бедаво касалликларга чалинаётганлар ҳам бор. Буларнинг барчаси биргина ахлоқсизлик ортидаги фожиалардир.
– Зинонинг ёмонлиги шундаки, жамиятнинг асоси бўлган оилага жиддий путур етказади, инсоннинг насл-насаби бузилади. Жамиятда кўплаб иллатларнинг урчишига, касалликларнинг ортишига сабаб бўлади, – дейди ЎМИ Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. – Шу боис динимизда у гуноҳи кабира саналади. Қуръони каримда: “Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят), дея марҳамат қилинган. Демак, мўмин киши унинг ҳар қандай кўринишидан йироқ юриши лозим. Афсуски, бугун ижтимоий тармоқлар орқали ўзга жинс вакиллари билан муносабатларда мана шу жиҳатларга эътибор қаратилмаяпти. Номаҳрамлик масалаларига бепарво бўлиш ва ўзаро ножўя суҳбатлар ортидан оилалар бузилиб кетяпти. Ҳали оила қурмаган ёшлар ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишларига, яъни “онлайн муҳаббат”га ружу қўймоқда. Бу нарсалар шариатимизда қатъиян ман қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам зинодан қайтариб айтадилар: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда олтита зарар бор. Шундан учтаси бу дунёда, учтаси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагилари эса – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Кундалик ҳаётимизда ҳам фаҳшга ружу қўйганларнинг боши балодан чиқмаслигига кўп бор гувоҳ бўламиз. Бу ҳам ҳадиснинг нақадар ҳақ эканидан далолатдир.
Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир”, дея марҳамат қилинган (Нур сураси, 30-оят).
Оятда Аллоҳ таоло эркакларни номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан ман этмоқда. Чунки бундай назар зинога етаклайди ва бундай қараш кўз зиноси ҳисобланади. Афсуски, бугун кўча-кўйда, жамоат жойларида, айниқса, телевизор ва қўл телефонимиз қаршисида ўзимизни номаҳрамлардан, беҳаё тасвирлардан тия олмаяпмиз. Ёшимиз улғайиб нафсимизни жиловлаб олгандирмиз. Лекин фарзандларимизнинг бу иллат исканжасидан асрай оляпмизми?
Таҳрим сураси 6-оятда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” дея марҳамат қилинган. Оят тафсирларида уламоларимиз ўтдан сақланиш гуноҳларни тарк қилиш ва тоат-ибодат билан бўлади. Бунда оила бошлиғи аёлини ҳам фарзандларини дўзах азобидан сақлашга масъул эканини таъкидлашган.
Хулоса қилиб айтганда, мўмин киши ахлоқий бузуқликка етаклайдиган ҳар қандай нарсадан узоқ юриши, аҳли оиласини ҳам бу ботқоқдан асраши шарт. Бунинг учун эса динимизни мукаммал ўрганиб, Қуръону суннатда келган амалларни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, фарзандларимизга бузуқлик гуноҳи кабира эканини англатишимиз, энг асосийси, уларга Аллоҳни танитишимиз зарур. Шундагина улар ёлғиз қолса ҳам, Аллоҳнинг кузатувида эканини ҳис этади, шайтон васвасаларига, нафсининг хоҳишларига учмайди, иншоаллоҳ.
Бобур МУҲАММАД