Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

“ҳар бирингиз жаҳаннамга тушувчидирсиз” оятини қандай тушунамиз?

20.09.2024   2402   4 min.
“ҳар бирингиз жаҳаннамга тушувчидирсиз” оятини қандай тушунамиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Қуръони каримнинг Марям сурасида: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир”, деган оятни Шайх Абдулазиз Мансурнинг Қуръони карим маънолар таржимасида ўқиб қолдим. Ушбу оятдан мўмин-мусулмонлар ҳам дўзахга тушадими? Шу ҳақда батафсил тушунтириб берсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Романир Роҳийм. Аллоҳ таоло Марям сурасининг 70-72-оятларида бундай марҳамат қилади: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнгра тақводор бўлганларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз”.

Ушбу ояти каримадаги: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз”, жумласини муфассирлар томонидан турлича тафсир қилинган бўлиб, қуйида уларнинг энг машҳурларини келтириб ўтамиз:

1. Мўминларнинг жаҳаннам устидаги кўприкдан ўтишлари назарда тутилган.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оятни бундай тафсир қилганлар. Тобеинлардан Ҳасан Басрий ва Қатода ҳамда муфассирлар шайхи Ибн Жарир Табарий, Аллома Шавконий каби бир жамоа уламолар ушбу тафсирни ихтиёр қилишган. Муфассирлар бунга Сирот кўпригидан ўтиш ҳақидаги барча ҳадисларни далил қилганлар.

 

2. Барча халойиқ дўзахга кириши, мўминлар иймони сабабли у ерда азоб-уқубатсиз чиқарилишлари назарда тутилган.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу оятни шундай тафсир қилганлар. Имом Бағавий, Жалолиддин Суютий, Исмоил Ҳаққий, Муҳаммад Амийн Шинқитий ва бошқа кўплаб муфассирлар ушбу тафсирни устун кўришган. Жобир Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ушбу оят тафсири ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган қуйидаги ҳадис буни қўллайди: “Яхши бўлсин ва ёмон бўлсин бирорта одам дўзахга кирмай қолмайди. Худди (гулҳан) Иброҳим алайҳиссаломга саломат бир макон бўлгани каби дўзах ҳам мўминга салқин ва саломат жой бўлади. Ҳатто мўминларнинг салқинидан дўзахнинг қичқириғи бўлади. Сўнгра Аллоҳ тақводор бўлганларни дўзахдан қутқаради ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида жаҳаннамда қолдиради” (Имом Аҳмад ривояти).

 

3. Мўминларнинг дўзахга кирмасдан унинг олдида – маҳшаргоҳда тўпланиб туришлари назарда тутилган.

Машҳур тобеин Убайд ибн Умайр ибн Қатода шундай тафсир қилганлар. Ушбу тафсирни араб тилидаги услуб ҳам қўллайди. Масалан арабларда تَرِدُ الْمَاءَ (таридул мааъа) деганда “сувнинг олдига келиб, ўша сувдан ичмаслик”ка айтилади. Бундан оятда келган “وَرَدَ” сўзи ҳам дўзах олдига келиб, унга кирмаслиги тушунилади.

Ушбу ояти каримани бундан бошқа тафсир қилганлар ҳам бор, лекин энг машҳур ва мўътабарлари шулар.

Мазкур тафсирлардан қайси бири тўғри бўлишидан қатъи назар, мўминлар Қиёмат куни дўзахни ўз кўзлари билан кўришлари ва ундан Аллоҳ нажот бериши келиб чиқади. Бунинг ҳикмати шуки, мўмин киши иймоннинг нақадар буюк неъмат эканини ҳис қилади. Ўша иймон унинг қўлидан етаклаб, жаннатга соғ-саломат олиб киради. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизга ушбу масалани эслатиб, Қуръонда бундай деган: Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди” (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Аммо кофир кимса эса, унга аввал жаҳаннам кўрсатилади. Дўзахга киришидан олдинги ушбу кўриш кофир учун ҳасрат, надомат ва қўрқув бўлади. Чунки у бироздан кейин ўша дўзахга киришини, ундан қутулолмаслигини билади. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   4830   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар