Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эдилар.
Шу йил 15 августда қабул қилинган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент фармонида ҳам мазкур масалага эътибор қаратилган. Шулардан келиб чиқиб жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференцияни ўтказилади.
Инсоният тарихига назар ташланса, барча даврларда давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ бўлган. Шу боис Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Икки неъмат борки, аксарият инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, (Имом Бухорий ривояти).
Тинчлик-хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Осойишталик ҳар кимга, ҳар жойда зарур. Киши хотиржам бўлсагина ҳаётда кўзлаган мақсад ва орзу-ҳавасларини амалга ошира олади. Хотиржамлик кўнгилнинг тинчлиги ва фикрнинг бир нуқтага жамланишидир. Бирор кишининг фарзанди бетоб бўлса ёки уйи нотинч бўлса, унинг хаёли паришон, фикри айқаш-уйқаш бўлиб, ўйлаган ишларини бажаришга қўли бормайди.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш бўлади. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: “Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз..! (Бақара сураси, 208-оят). Ушбу ояти каримадаги “коффатан” (яъни ёппасига) сўзи араб тили қоидасига биноан ҳол вазифасини бажармоқда.
Тафсир китобларида келтирилишича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлса-да, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Тинчлик Ислом шиоридир. Шунинг учун мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга киришга сабаб бўлувчи амаллардан бири саломлашиш эканини таъкидлаб: “Эй инсонлар! Бир-бирингиз билан овозингизни чиқариб ошкора саломлашинг, муҳтожларга таом беринг, қариндошчилик ришталарини маҳкам боғланг, тунда одамлар уйқуда ётган вақтда туриб ибодат қилинг, шунда жаннатга саломат кирасизлар”, деганлар. Бошқа ҳадисда эса биринчи бўлиб салом берган киши Аллоҳга маҳбуброқ эканлиги таъкидланган.
Тинчлик туфайли ёшларимиз эмин-эркин таълим-тарбия оладилар. Бизнинг “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида айни пайтда 105 нафар аёл-қизларимиз таълим олмоқдалар. Улар ўрганларини опа-сингилларимизга етказадилар. Бунинг оқибатида аёл-қизлар ўртасида бидъат-хурофотлар барҳам топади, иншоаллоҳ.
Шу билан бирга, Қуръон ва тажвидни ўргатиш курсларида 2017 йилдан буён жами 2730 нафар юртдошимиз таълим олди.
Бу шунчаки оддий рақамлар эмас, балки шунча оилага зиё ва маърифат кирганининг, шунча киши орқали яна қанчалаб одамлар ҳақни, ҳақиқатни танишининг амалдаги исботидир. Муҳтарам Президентимиз: «Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади», дея таъкидлаган эди.
Ҳақиқатан, Қуръон ўқилган жойга барака ва нур инишига кўп марта гувоҳ бўлганмиз.
Тинчлик бўлса, инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади, Раббиларига хотиржамликда ибодат қиладилар. Донишмандлардан бири “Неъмат нима?” деб сўралганида: “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётида маъни кўрмадим”, деб жавоб берди.
Тинчлик – инсоният уни сақлаши учун хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча нарсасини: ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашга ҳақли бўлган улкан неъмат!
Инсонларнинг ҳамжиҳат яшаши, турмушимиз фаровон, ризқимиз мўл-кўл бўлиши, маърифатимиз юксалиб, маънавиятимиз сайқалланиши айнан тинчликка боғлиқ. Тинчлик шундай неъматки, усиз ҳаётимиз рангсиз, умримиз мазмунсиз бўлиб қолади. Хотиржамлик йўқ жойда на илм, на маърифат ҳосил бўлади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз турмушини янада фаровон қилсин.
Марям АБДУЛЛАЕВА,
"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси директори
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Суҳбатларда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилгани, 100 та янги жоме масжид очилгани, кўплари ҳавас қиладиган даражада обод бўлгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Қуръони каримни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Учрашувларда риё-хўжакўрсин иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш ва бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати