Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Март, 2025   |   4 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:53
Пешин
12:40
Аср
16:32
Шом
18:20
Хуфтон
19:33
Bismillah
04 Март, 2025, 4 Рамазон, 1446
Мақолалар

Халқаро анжуман барчага манфаатли бўлади

23.09.2024   3768   6 min.
Халқаро анжуман барчага манфаатли бўлади

Халқимиз юрт тинчлигини улуғ неъмат, қут-барака, тараққиёт гарови, ўз орзу-интилишлари, эзгу ниятлари рўёбининг муҳим кафолати деб билади. Ёши улуғларимиз дуога қўл очганларида Яратгандан элу юртимизга тинчлик-омонлик, яхшилик ва тўкинлик сўраб қилган ниятлари замирида ҳам ана шундай чуқур маъно-мазмун мужассам. 
 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эдилар.


Ушбу ташаббусга мувофиқ, айни кунларда жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференцияни юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилаётгани хайрли натижаларга эришиш учун катта имкониятдир.


Ислом дини таълимотида тинч-осойишталик, хотиржамлик улуғ неъмат экани таъкидланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).


Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ким ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривояти).


Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди? Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади.


Тинчлик – фаровонликнинг муҳим омили. Осойишта юртда юксалиш бўлади, фаровон элдан хотиржамлик аримайди. Шукрки, саодатли, файзли кунларда яшаяпмиз. Миллатимиз маънавиятига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат-иззат сингари фазилатларни юртдошларимиз қалбида янада мустаҳкамлаб, ёш авлод онгига сингдириб эртанги кунимизнинг янада чароғон бўлишини, эзгу мақсадларимиз ижобатини таъмин этамиз. Шу боис элу юртимизнинг энг буюк бойлиги бўлган тинчликни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг наинки фуқаролик, балки фарзандлик бурчимиз ҳамдир.


Бугун глобаллашув даврида яшаяпмиз. Сайёрамиз узра ҳали-ҳануз урушлар, жангу жадаллар тинган эмас. Боз устига, ахборот хуружи ҳам авжида. Турли иғвою бўҳтонлар илдиз отяпти, сиёсий курашлар тинмаяпти. Жаҳон майдонида манфаатлар гоҳ ошкор, гоҳ пинҳона тўқнаш келаётир. Узоқ-яқин минтақаларда бутун бошли халқларни, мамлакатларни ноғорасига ўйнатаётган, ачинарлиси, отани болага, акани укага, сингилни опага қарши қилиб қўяётган тузоқлар, фитналар, нифоқлар алангаси миллиардлаб ёшларнинг тафаккурига найза санчишга уринаётгани ҳам бор гап.


Шулар оқибати ўлароқ, бўй кўрсатаётган ур-йиқитлар, беписандлик, ғазаб ва нафрат, ўч, қасоскорлик каби мудҳиш иллатлар ақли расо ҳар қандай кишини ташвишга солмоқда. Шу боисдан, бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз ва теран мушоҳада билан қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.


Аллоҳ таоло Қуръони каримда бировнинг умрига зомин бўлиш ўта оғир гуноҳ эканини таъкидлаб, бундай марҳамат қилади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят).


Бу ҳукм аслида Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир (“Мадорикут танзил ва ҳақоқиқут таъвил”).


Ҳудайбия сулҳида  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир минг беш юз саҳоба бор эди. Макка аҳли билан тинчлик сулҳи битилди.  Унинг бандида ўн йил уришмаслик, инсонлар шу муддат ичида бир бирларидан омонда бўлишлари қайд этилган эди. Тинчлик сулҳидан кейин жуда кўп инсонлар Ислом динини қабул қилдилар. Орадан икки йил ўтиб, маккаликлар аҳдномани буздилар. Макка фатҳига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўн минг саҳоба борди.


Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси эмас. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз шарт. Биз имом-хатиблар ҳам ўзимизнинг касб маҳоратимиз, нутқ маданиятимиз, дунёқараш ва фикр доирамизни кенгайтиришга доимо эътибор қаратишимиз ҳамда мунтазам изланишда бўлишимиз лозим. Тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларга тўғри тушунтириш ва ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни ўзимизнинг долзарб вазифамиз, деб биламиз.


Тинчлик тўғрисида кўп ва хўб гапириляпти. Хўш, тинчлик бизга нима беради, деган савол кимнингдир хаёлига келиши мумкин. Бу борада аниқ рақамларга мурожаат қилсак:

– умра бўйича квоталар олиб ташланди, ҳар йилги ҳаж квотаси 5 мингдан 15 минг нафарга оширилди;

 – 2017–2023 йилларда 234.791 нафар зиёратчи ҳаж ва умра амалларини бажарди.
 

 2017 йилда 7 350 нафар, 2018 йилда 7 200 нафар,  2019 йилда 7 269 нафар, 2022 йилда 12 045 нафар, 2023 йилда 15 150 нафар, 2024 йилда 15 150 нафар юртдошимиз исломнинг бешинчи рукнини адо этди.


2017 йилда 6.172 нафар киши умрага борган бўлса, 2018 йилда 16.909 нафар, 2019 йилда 38.000 нафар, 2020 йилда 36.864 нафар, 2022 йилда 59.954 нафар, 2023 йилда 43.943 нафар, 2024 йилда 7620 нафар юртдошимиз умрага борди.


Бу шункачи рақамлар эмас. Бу рақамлар замирида тинчлик-осойишталик, фаровонлик мужассам.


Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоялаш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараш ҳар бир имом-хатибнинг вазифасидир.


Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуман ана шу жиҳатлари билан барчага бирдай манфаатли бўлади, иншаоллоҳ.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рамазон рўзасини қасддан бузган одамнинг каффорати

19.03.2024   971   3 min.
Рамазон рўзасини қасддан бузган одамнинг каффорати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Рамазон рўзасини қасддан бузган киши каффорат тўлар экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор қасддан яъни, рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни, бузган рўзасини тутиши, ҳам каффорат вожиб бўлади.

Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:

Бир қул озод қилиш.

Агар бунга қодир бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш.

Бунда бир кун қазосидан ташқари икки ой ҳисобланади. Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиийдир. Ушбу отмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак. 

Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмишта фақир кишига фидя миқдорича таом беради ёки таомнинг қийматини беради. Бир фақир кишига олтмиш кун таом берса ҳам бўлади. Аммо бир фақирга отмиш кунлик таомни бир кунда берса жоиз бўлмайди.

Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилган: "Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда  аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради" (“Раддул муҳтор”).

Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.

Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки, нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди (“Раддул муҳтор”).

Каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.

Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади (“Фатавои Ҳиндия”).

Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Мақолалар