Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Март, 2025   |   12 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:22
Қуёш
06:40
Пешин
12:38
Аср
16:40
Шом
18:29
Хуфтон
19:42
Bismillah
12 Март, 2025, 12 Рамазон, 1446
Мақолалар

Халқаро анжуман барчага манфаатли бўлади

23.09.2024   4011   6 min.
Халқаро анжуман барчага манфаатли бўлади

Халқимиз юрт тинчлигини улуғ неъмат, қут-барака, тараққиёт гарови, ўз орзу-интилишлари, эзгу ниятлари рўёбининг муҳим кафолати деб билади. Ёши улуғларимиз дуога қўл очганларида Яратгандан элу юртимизга тинчлик-омонлик, яхшилик ва тўкинлик сўраб қилган ниятлари замирида ҳам ана шундай чуқур маъно-мазмун мужассам. 
 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эдилар.


Ушбу ташаббусга мувофиқ, айни кунларда жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференцияни юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилаётгани хайрли натижаларга эришиш учун катта имкониятдир.


Ислом дини таълимотида тинч-осойишталик, хотиржамлик улуғ неъмат экани таъкидланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).


Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ким ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривояти).


Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди? Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади.


Тинчлик – фаровонликнинг муҳим омили. Осойишта юртда юксалиш бўлади, фаровон элдан хотиржамлик аримайди. Шукрки, саодатли, файзли кунларда яшаяпмиз. Миллатимиз маънавиятига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат-иззат сингари фазилатларни юртдошларимиз қалбида янада мустаҳкамлаб, ёш авлод онгига сингдириб эртанги кунимизнинг янада чароғон бўлишини, эзгу мақсадларимиз ижобатини таъмин этамиз. Шу боис элу юртимизнинг энг буюк бойлиги бўлган тинчликни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг наинки фуқаролик, балки фарзандлик бурчимиз ҳамдир.


Бугун глобаллашув даврида яшаяпмиз. Сайёрамиз узра ҳали-ҳануз урушлар, жангу жадаллар тинган эмас. Боз устига, ахборот хуружи ҳам авжида. Турли иғвою бўҳтонлар илдиз отяпти, сиёсий курашлар тинмаяпти. Жаҳон майдонида манфаатлар гоҳ ошкор, гоҳ пинҳона тўқнаш келаётир. Узоқ-яқин минтақаларда бутун бошли халқларни, мамлакатларни ноғорасига ўйнатаётган, ачинарлиси, отани болага, акани укага, сингилни опага қарши қилиб қўяётган тузоқлар, фитналар, нифоқлар алангаси миллиардлаб ёшларнинг тафаккурига найза санчишга уринаётгани ҳам бор гап.


Шулар оқибати ўлароқ, бўй кўрсатаётган ур-йиқитлар, беписандлик, ғазаб ва нафрат, ўч, қасоскорлик каби мудҳиш иллатлар ақли расо ҳар қандай кишини ташвишга солмоқда. Шу боисдан, бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз ва теран мушоҳада билан қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.


Аллоҳ таоло Қуръони каримда бировнинг умрига зомин бўлиш ўта оғир гуноҳ эканини таъкидлаб, бундай марҳамат қилади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят).


Бу ҳукм аслида Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир (“Мадорикут танзил ва ҳақоқиқут таъвил”).


Ҳудайбия сулҳида  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир минг беш юз саҳоба бор эди. Макка аҳли билан тинчлик сулҳи битилди.  Унинг бандида ўн йил уришмаслик, инсонлар шу муддат ичида бир бирларидан омонда бўлишлари қайд этилган эди. Тинчлик сулҳидан кейин жуда кўп инсонлар Ислом динини қабул қилдилар. Орадан икки йил ўтиб, маккаликлар аҳдномани буздилар. Макка фатҳига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўн минг саҳоба борди.


Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси эмас. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз шарт. Биз имом-хатиблар ҳам ўзимизнинг касб маҳоратимиз, нутқ маданиятимиз, дунёқараш ва фикр доирамизни кенгайтиришга доимо эътибор қаратишимиз ҳамда мунтазам изланишда бўлишимиз лозим. Тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларга тўғри тушунтириш ва ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни ўзимизнинг долзарб вазифамиз, деб биламиз.


Тинчлик тўғрисида кўп ва хўб гапириляпти. Хўш, тинчлик бизга нима беради, деган савол кимнингдир хаёлига келиши мумкин. Бу борада аниқ рақамларга мурожаат қилсак:

– умра бўйича квоталар олиб ташланди, ҳар йилги ҳаж квотаси 5 мингдан 15 минг нафарга оширилди;

 – 2017–2023 йилларда 234.791 нафар зиёратчи ҳаж ва умра амалларини бажарди.
 

 2017 йилда 7 350 нафар, 2018 йилда 7 200 нафар,  2019 йилда 7 269 нафар, 2022 йилда 12 045 нафар, 2023 йилда 15 150 нафар, 2024 йилда 15 150 нафар юртдошимиз исломнинг бешинчи рукнини адо этди.


2017 йилда 6.172 нафар киши умрага борган бўлса, 2018 йилда 16.909 нафар, 2019 йилда 38.000 нафар, 2020 йилда 36.864 нафар, 2022 йилда 59.954 нафар, 2023 йилда 43.943 нафар, 2024 йилда 7620 нафар юртдошимиз умрага борди.


Бу шункачи рақамлар эмас. Бу рақамлар замирида тинчлик-осойишталик, фаровонлик мужассам.


Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоялаш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараш ҳар бир имом-хатибнинг вазифасидир.


Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуман ана шу жиҳатлари билан барчага бирдай манфаатли бўлади, иншаоллоҳ.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рўза тутишнинг олти қоидаси

11.03.2025   1259   7 min.
Рўза тутишнинг олти қоидаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Машойихлар рўзадор амал қилиши керак бўлган рўза тутишнинг олтита қоидасини ёзиб кетишган.

Биринчиси,  кўзни тийиш, яъни бирор бир кераксиз нарсага назар тушмасин.  Бегона, номаҳрам аёллар у ёқда турсин ҳатто ўзиниг аёлига шаҳват назари билан қарамасин. Шунингдек кўзини бекорчи, лағв нарсалардан ҳам сақласин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ ..назар шайтоннинг ўқларидан бир ўқ...”, деганлар. Аллоҳдан қўрқиб кўзини тийган кишига Аллоҳ шундай иймон нурини берадики, унинг лаззатини қалбида топади. Руҳий тарбия устозлари “кераксиз” нарсани эътиборни Аллоҳдан бошқага, қаратилишига сабаб бўлувчи барча нарсадир, деб уқтиришади.

Иккинчиси, тилни тийиш. Бунга ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, сўкиш, фахш сўзлар ва лағв сўзлар киради. Имом Бухорий келтирган ҳадисда рўза кишига қалқон эканлиги айтилган. Шунинг учун рўза тутаётган кишининг оғзидан  беадаб, уятсиз, лағв, кераксиз сўзлар чиқмасин. Масалан, кимнидир мазаҳ қилиш, жанжал ва х.к.з. Агар кимдир сиз билан жанжаллашмоқчи бўлса, ва ҳатто ўзи биринчи бошлаган бўлса ҳам аралашманг, сиз унга рўзадор эканлигингизни айтинг. Агар у гапга тушунадиган бўлса, сиз рўзадор эканлигингизни айтинг,  агар тушунмайдиган бетайинлар хилидан бўлса, қалбингизга бу қуруқ гапларга жавоб бериш аҳмоқлик ва фойдасиз нарса деб тушунтиринг. Айниқса ғийбат ва ёлғондан сақланиш керак. Баъзи уламоларнинг фикрича бу нарсалар рўзани бузади.  

Аллоҳ Қуръонда ғийбатни ўлган биродарини гўштини ейишлик деб атади.  Шунга ўхшаш хабарлар ҳадисларда ҳам жуда кўп келган. Ғийбат аслида инсон гўштини ейишлик эканлиги ҳадиси шарифлардан ҳам маълум бўлади.  Аллоҳ таоло ўзи бизни бу нарсадан сақласин, чунки биз бу нарсага бепарволик қилиб қўямиз. Оддий одамларни-ку қўяверинг, ҳатто аҳли илмлар ҳам ғийбат билан банд. Дунёга берилган одамларни ҳақида-ку умуман гапирмасак ҳам бўлади. Энг ачинарлиси одамлар ғийбат билан машғул эканликларини билишмайди. Агар қалбда бу ғийбат дея хафв пайдо бўлса, бу ўзи бор нарса деб оқлашга тушишади.   Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: “Ғийбат нима?”, У зот жавоб бердилар: “Кимнидир орқасидан гапиришинг. Ва бу унга ёқмайдиган нарса”. “Агар бу нарса унда топилсачи?”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат айни шу. Агар унда бўлмаган нарсани гапирсанг у туҳматдир”, дедилар.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтдилар ва: “Бу қабр эгалари азобланмоқда,  биттаси бавлидан сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик билан шуғулланар”, эди  дедилар.

Учинчиси, рўзадор қулоқларини ҳам тийиши керак. Тил билан айтиш мумкин бўлмаган ҳамма гап сўзларни эшитиш ва эътибор бериш ҳам мумкин эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбат қилган ва уни эшитган иккаласи гуноҳкор деганлар.

Тўртинчиси, тананинг бошқа аъзоларини гуноҳдан сақлаш. Масалан, ман қилинган нарсани ушлаш, ман қилинган ерларга бориш худди шундай бошқа тана аъзолари хам. Шунингдек ифтор пайтида, шубҳали таомлардан сақланиш керак. Рўза тутиб ифтор пайтида ҳаром луқма истеъмол қилган киши гўё бир касалликни даволаб, дорисини ичига захар солиб берганга ўхшайди. Дори касални тузатади, лекин захар ҳалок қилади.

Бешинчиси, ифтор пайтида қоринни тўлдирмаслик, таомингиз ҳалол бўлса ҳам, чунки рўзадан кўзланган мақсад йўқолади. Рўзадан кўзланган мақсадлардан бири, куч, нафс, шаҳват сифатларини синдириш ва руҳни озиқлантириш ва фаришталар сифатига эга бўлишлик. Ўн бир ой биз таом едик. Бир ой сал камроқ  есак нима бўлади ? Лекин биз ифторда йўқотган хамма нарсани ўрнини тўлдиришни хоҳлаймиз, сахарда эса бошқа вақт Рамазондан ташқари емаган нарсаларни ейишга уринамиз. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Рўзадан кўзланган мақсадга -яъни иблисни синдириб, нафсни жиловлашга - агар ифторда одам шу даражада кўп таом еса, қанақасига эришиши мумкин? Кўзланган мақсад ҳалок бўладику”.

Ҳақиқатда биз фақат таомланиш вақтини ўзгартирдик ва бундан бошқа нарса эмас. Аксинча Рамазонда бошқа ойларда кўрмайдиган таомлар хилма хиллигини оширдик халос.

Одамларда яхши таомни Рамазонга олиб қўйиш одати бор. Нафс кундузги очликдан сўнг таомга ҳужум қилиб бўкиб қолгунича ейди. Биз нафсни синдириш ўрнига тиқаверамиз, ва бу рўзадан кўзланган мақсаддан, оғиб кетишга сабаб бўлади. Мақсадмиз рўзанинг асл моҳиятини тушуниб, хамма нарсасидан фойда олиш. Буларни хаммасини қўлга киритиш учун озгина очликни хис қилиш керак. Рўзанинг маълум бўлган энг катта фойдаси, нафсни синдириш, бу ҳам маълум вақт оч бўлишиликка боғлиқ.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон одам боласини қон томирларида юради. Очлик билан уни йўлларини торайтиринг”, дедилар.

Рўзанинг иккинчи мақсади, бечораларга ўхшашлик ва уларнинг ҳолатини ҳис қилишликдир. Бунга  ифторгача очлик нималигини билмасдан юриш учун, сахарда жиғилдонни барча нарсани тиқиш йўли билан эришилмайди. Сизни очлик безовта қилганда фақирларга сал ўхшашингиз мумкин.

Бишир Хофий раҳматуллоҳи алайҳни олдига бир киши келди. Бишир қалтирар эди, кийими эса олдида ётарди. Келган одам ҳозир ечиниб ўтирадиган вақтми деб сўради. У: “Камбағаллар жуда кўп. Мен уларнинг ҳаммасига хайриҳоҳ бўла олмайман. Лекин уларга ўхшаб ҳамдард бўла оламан”, деди.

Алломаларимиз айтишади, рўзадан кўзланган мақсад, катта ажрни қўлга киритиш, камбағал одамларни тушуниш учун очликни ҳис қилиш даркор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло тўлдирилган нарсалар ичида энг суймайдигани ошқозон эканлигини айтганлар. Бошқа ҳадисда  Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам инсонни қаддини тутиб юриши учун бир неча бўлак таом кифоя деганлар. Агар одам шу даражада кўп таом емоқчи бўлса, ошқозонни учдан бирини таом, учдан бирини сув, ва учдан бирини ҳаво билан тўлдирсин.  

Олтинчиси, рўзадор эътибор қаратиши муҳим нарса, бу тутган рўзаси қабул бўлдими ёки йўқми деб хадиксираши. Худди шундай ҳар бир ибодатимизда хам, биз сезмаган хато камчилик бор бўлиб, у сабабли ибодатларимиз мақбул бўлмаслиги мумкин.  

Шунинг учун рўзадор ниятини яхшилаши ва қўрқувда бўлишилиги, Аллоҳнинг розилиги сабаби қилишини сўраб дуо қилиши матлуб.