Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Дуо қабул бўладиган вақт ва ҳолатлар

23.09.2024   1207   4 min.
Ғафлатда қолманг! Дуо қабул бўладиган вақт ва ҳолатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Саҳарда дуо қилиш. Аллоҳ таоло: “Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”, деб марҳамат қилган (Зориёт сураси, 18-оят).

Саҳар вақтида қалб соф, ихлосли ва чалғитадиган нарсалардан холи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло ҳар кеча, кечанинг охирги учдан бири қолганида “Ким менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилай, ким Мендан сўрайди, Мен унга (сўраган нарсасини) берай, ким Мендан кечирим сўрайди, Мен уни кечирай”, дейди» (Имом Буҳорий, Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, дедилар (Доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ. Тафсирул Мунир).

 

2. Азон ва иқоматдан кейин дуо қилиш. Набий алайҳиссалом: “Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти)

 

3. Ифторлик ва саҳарликда дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти), деганлар.

 

4. Қалблар “эриган” вақтда дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалблар юмшаган вақтда дуо қилиб қолинглар, чунки у раҳматдир!” дедилар.

 

5. Фақат мусибат етганда эмас, балки, тинч-осуда вақтда ҳам дуо қилиш. Агар банда кенгчилик вақтида Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ уни торчилик вақтида зикр қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни шиддатлар пайтида Аллоҳ уни истижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар.

 

6. Саждада дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: “Банда Роббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Бас, шу вақтда дуони кўпайтиринг” (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен руку ёки сажда қилган вақтимда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Роббни улуғлангиз, саждада эса дуони кўпайтиринг, у вақт дуоларингиз ижобат бўлишга яқин вақтдир” (Имом Муслим ривояти).

 

7. Ҳар намоздан сўнг дуо қилиш. Абу Умома розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, қайси дуо кўпроқ қабул бўлади?”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечанинг охиридаги ва фарз намозлар ортидаги лаҳзаларда”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Намоз энг яхши вақтга белгиланган. Шунинг учун намозлардан сўнг дуо қилишни унутманг”.

 

8. Ёмғир ёққанда дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сафлар Аллоҳ йўлида жипслашганида, ёмғир ёққанда, фарз намозлари адо этиладиган вақтларда осмон эшиклари очилади. Бу пайтларда дуо қилишни ғанимат билинг”.

 

9. Жума туни ва кундузи дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни ҳақида бундай дедилар: “Унда бир соат борки, унга тик туриб намоз ўқиётган мусулмон банда Аллоҳдан бирон нарсани тилаб тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга бу тилагини беради” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

10. Сафарда дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта дуо, шубҳасиз, ижобатдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

27.09.2024   2662   2 min.
Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Яқинда операция бўлдим. Ўрнимдан туриш, ўтириш мумкин эмас. Аёлим ёрдамида таҳорат олиб, ётган ҳолда намоз ўқияпман. Уйқумда эҳтилом бўлдим. Ғусл қила олмайман. Бундай ҳолда қандай қилиб покланиб намоз ўқийман?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз ғусл қила олмасангиз ҳам таяммум қилиш билан покланаверасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).

Демак, мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш жоиз  бўлади. Таяммум қилишга рухсат берилган ушбу оятда “Агар бемор бўлсангиз” дейилган. Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.

Ер жинси – тупроқ, қум, тош, оҳак, гипс, сурма, сурматош, олтингугурт каби ердан бўлган ашёлардир. Шунингдек, турли буюмлар устидаги (масалан, кийимдаги ёки кўрпа-тўшакдаги) чанг ҳам ер жинсига киради. Шу чангни қасд қилиб, таяммум қилиш ҳам мумкин.

Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Покланишни ният қилиб, икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти орқали ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти орқали чап қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Шу билан таяммум қилган бўлади.

Сиз шу тарзда то ғусл қилишга қодир бўлгунингизга қадар таяммум қилиб, намозларингизни адо этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.