Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Янги келин талоғини олгандан кейин идда ўтириши лозимми?

23.09.2024   1850   2 min.
Янги келин талоғини олгандан кейин идда ўтириши лозимми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Никоҳ ўқилиб жинсий алоқа қилинмаган бўлса, телефонда “талоғингни бердим” деса, талоғини олган қиз идда ўтирадими? Идда ўтирса қанча вақт кутади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу саволнинг жавоби хилвати саҳиҳа бўлган ёки бўлмаганига боғлиқ.

“Хилвати саҳиҳа” бу – эр ва хотиннинг никоҳ ақдидан кейин холи бир жойда қолишидир. Бунда уларнинг жинсий яқинлик қилишларига ҳеч қандай монеълик бўлмаслиги керак бўлади.

Хилвати саҳиҳа бўлганда: Агар никоҳдан сўнг хилвати саҳиҳа бўлиб, кейин талоқ берилган бўлса, бу ҳолатда битта ражъий талоқ тушади. Агар улар ярашмоқчи бўлсалар эр-хотин бирга яшаб кетишлари билан никоҳ яна тикланади. Лекин эрнинг талоқ қилишдаги учта имкониятидан бири кетган бўлади.

Шунингдек, хилвати саҳиҳадан кейин талоқ қилинганда, аёлга идда ўтириши вожиб бўлади. Бу ҳақда Аллома ибн Нужайм бундай деганлар: “Эр-хотиндан қайси бирининг касаллигисиз бўлган хилвати саҳиҳа — жинсий яқинлик кабидир. Гарчи, эрнинг жинсий аъзоси кесилган, иннийн (жинсий ожиз) ёки бичилган бўлса ҳам хилвати саҳиҳадан сўнг талоқ қилинган аёлга идда вожиб бўлади” (“Баҳрур роиқ” китобидан бироз қисқартириш билан олинди).

Эри талоқ қилган аёл талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди. Ҳомиладор бўлса, ҳомиласини туққунича идда ўтиради.

Хилвати саҳиҳа бўлмаганда: Агар никоҳдан сўнг хилвати саҳиҳа бўлмасдан талоқ берилса, бунда битта боин талоқ тушган саналади ва аёл идда ўтирмайди. Эр-хотин ярашмоқчи бўлсалар янгидан никоҳ ўқитадилар ва маҳр берилади.

Мазкур ҳолатда аёл идда ўтирмаслиги ҳақида Аллома Мавсилий бундай деганлар: “Аёлни олдига эрнинг кириши (хилвати саҳиҳа)дан олдин талоқ бўлганда идда ўтириш йўқ” (“Ал-Ихтиёр ли таълилил-мухтор” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   4463   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар