Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Буюк муҳаддисга улуғ эҳтиром

24.09.2024   10640   4 min.
Буюк муҳаддисга улуғ эҳтиром

Мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, халқимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, муҳими, ёшларимиз онги ва шуурига етказиб, уларда она-Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
 

Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилингани ана шу эзгу ишнинг узвий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди.


Ҳужжатга мувофиқ, Имом Термизийнинг “аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарлари мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган ҳолда кўп жилдлик академик таржимаси ҳамда шарҳи тайёрланади. Демак, ўқувчилар тез орада ушбу нодир асарларнинг янги нашридан ҳам баҳраманд бўлишади.


Дарҳақиқат, боболаримиз ёзиб қолдирган маънавий меросни ўрганиш бугунги ахборот асрида, хусусан, кишилар онги ва қалбини эгаллаш учун курашлар кетаётган бир пайтда ҳар жиҳатдан муҳимдир.


Афсуски, ҳозирги пайтда айрим тўғри йўлдан адашаётган, турли ғаламис кимсаларнинг алдавига учраб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бу тоифадагилар билан суҳбатлашсангиз уларнинг Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби бобокалонларимизнинг асарларидан умуман бехабарлиги маълум бўлади.


Шундай экан, улуғ мутафаккирларимизни яқиндан таниш, уларнинг беназр меросидан баҳраманд бўлиш орқалигина фарзандларимизни турли хуружлардан асрай олишимиз мумкин.


Дарвоқе, Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий ҳозирги Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида 209-ҳижрий санада таваллуд топган. Кунялари Абу Исо, исмлари Муҳаммад, отасининг исми Исо, бобосининг исми Саврадир.


У зотнинг устозлари кўп бўлиб, энг машҳури Имом Бухорийдир. Аксарият ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилган. Имом Муслим, Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари ҳам у кишининг маънавий устозларидан бўлиб, уларнинг раъй ва воситаларига мурожаат қилиб турган.


У зотнинг “Сунани Термизий” китоби “Саҳиҳ Бухорий” ва “Саҳиҳ Муслим” китобларидан кейинги ўринда туради. Имом Термизий ҳадисларни жамлаш ва аниқлашда, ёдлаш ҳамда зикр қилишда алоҳида мақомга эга бўлган.


Имом Термизийнинг шогирдларидан бири: “Имом Бухорийнинг вафотидан кейин Хуросонда Абу Исо Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди”, деган.


Шайхлардан бири Имом Термизийни имтиҳон қилиш мақсадида унга қирқта ғариб ҳадисни айтиб, савол беради. Имом Термизий қирқта ҳадисни бирорта ҳарфда ҳам хато қилмай, аввалидан охиригача ўқиб беради. Шайх: “Сендек кишини кўрмаганман”, дейди.


Имом “Сунан” китоби фойдаси кўп, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилгандир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг “ал-Жомиъус-Саҳиҳ” китобини сифатлаб: “Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўё уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар”, деган.


Имом Бухорий шогирди Имом Термизийга: “Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим”, деган.


Имом Термизийнинг “Китобу азим” (“ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”) китоби “Саҳиҳут Термизий” номи билан машҳур. Шунингдек, “Шамоилун Набавия”, “Илалу муфрад”, “Илалу фий охири жомиъ”, “Китобуз зуҳд”, “Китобут тарих”, “Асмоус саҳоба”, “ал-Асмо вал куна”, “Китобу фийл асарил мавқуфа” каби асарлари ҳам дунё китобхонлари томонидан алоҳида қардланади.


Буюк боболаримизнинг ҳаёт йўлларини, уларнинг асарларни ўргансак, биз учун жуда катта манфаатлар бор. Зотан, бутун ислом оламида Имом Термизийдек олимларнинг китоблари катта қизиқиз билан ўрганилар экан, бу борада биз барчага ибрат бўлишимиз керак. 

Абдуқаҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди

14.09.2026   3496   1 min.
Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
 

Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.


Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!


Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин! 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди
Ўзбекистон янгиликлари