“Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида ҳожиларимиз Она Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш, маҳаллалардаги адашганларни тўғри йўлга бошлаш, жамиятда меҳр-оқибатни қарор топтириш, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши марифат билан курашиш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш, ногиронлиги бўлган ва беморлар ҳолидан хабар олиш каби савоб амалларга ўзларининг ҳиссаларини қўшмоқда.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга амалий ва моддий ёрдамлар бериш мақсадида Тахиатош туманига ташриф буюрди. Унда туман бош имоми Рафатдин Омирзақов билан бирга тумандаги масжидлардаги шароитлар, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Масжид қавми ва нуронийлар билан юртимиздаги ислоҳотлар ва соҳага оид масалалар атрофида суҳбатлашди.
Қози домла Тахиатош туманидаги ҳожилар ва имом-хатиблар билан биргаликда тумандаги “Сарай кўл” маҳалласида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Г.Байрамов ва 2-гуруҳ ногирони Р.Қурбоновлар ҳолидан хабар олди, яқин қариндошлари билан суҳбатлашди. Озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ташриф сўнгида туман бош имомига соҳага оид топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Б.Аббазов,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими
Бугун, 4 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Самарқанд шаҳридаги "Намозгоҳ" жоме масжидида адо этдилар.
Жамоат намозидан олдин Муфтий ҳазратлари жомега йиғилганларга қадим Самарқанд шаҳрида бўлаётган "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммити халқаро иқлим форумининг аҳамияти ҳақида сўзлаш баробарида “Ўзгаларга озор бермаслик – динимиз талаби” мавзусида суҳбат қилиб бердилар.
Муфтий ҳазрат маъруза давомида аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган юртда тараққиёт, равнақ ва эл-юрт осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм суриши, аксинча қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олиб, юрт вайрон, эл пароканда бўлишини баён этдилар. Шунингдек, ўзга дин вакилларига ҳам озор бермаслик, улар билан жамиятда тинч-осуда, аҳил-иноқ бўлиб яшаш зарурлиги ҳақида сўз юритдилар.
Мавъиза асносида ўзгаларга озор бериш динимизда катта гуноҳлардан бири саналиши, Қуръони каримдаги: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят), деган мазмундаги ояти каримани шарҳлаб, унда ўзгаларга озор етказиш ножоизлиги, бу озор етказишнинг ҳар қандай кўринишини ўз ичига олиши, ўзгаларга озор бермаслик садақанинг бир тури эканини ҳаётий мисоллар билан сўзлаб бердилар.
Мазмунли суҳбат якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таоло барчага икки дунё саодатини насиб қилишини сўраб, элу юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати