“Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида ҳожиларимиз Она Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш, маҳаллалардаги адашганларни тўғри йўлга бошлаш, жамиятда меҳр-оқибатни қарор топтириш, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши марифат билан курашиш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш, ногиронлиги бўлган ва беморлар ҳолидан хабар олиш каби савоб амалларга ўзларининг ҳиссаларини қўшмоқда.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга амалий ва моддий ёрдамлар бериш мақсадида Тахиатош туманига ташриф буюрди. Унда туман бош имоми Рафатдин Омирзақов билан бирга тумандаги масжидлардаги шароитлар, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Масжид қавми ва нуронийлар билан юртимиздаги ислоҳотлар ва соҳага оид масалалар атрофида суҳбатлашди.
Қози домла Тахиатош туманидаги ҳожилар ва имом-хатиблар билан биргаликда тумандаги “Сарай кўл” маҳалласида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Г.Байрамов ва 2-гуруҳ ногирони Р.Қурбоновлар ҳолидан хабар олди, яқин қариндошлари билан суҳбатлашди. Озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ташриф сўнгида туман бош имомига соҳага оид топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Б.Аббазов,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими
Шу кунларда Иордания пойтахти Амман шаҳрида Иордания вақф ва ислом муқаддасотлари ишлари вазирлиги томонидан Ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик экани ва уни ҳар қандай зўравонлик, куч ишлатиш, тоқатсизлик кабиларга қарши эканини ўз ичига олувчи «Амман рисоласи» нинг моҳиятига бағишланган 45 илмий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Иордания вақф вазири Холилий, Иорданиядаги Қирол Абдуллоҳ II номидаги даъватчилар тайёрлаш, малакасини ошириш институти ректори доктор Абдуссатор, Иордания бош муфтийси Аҳмад Ҳасанот, Иордания қироллик ҳузуридаги Қуддус ишлари қўмитаси аъзоси доктор Муҳаммад Сидр ва бошқалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саййиджамол домла Масайитов ўз маъруза ва суҳбатлари билан иштирок этмоқда.