Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Овқатланиш одоблари

24.09.2024   910   3 min.
Овқатланиш одоблари

Овқатланиш одобларини ҳар бир му­сулмон киши фарзандига кичиклигидан ўргатиши шарт. Аллоҳ таоло бизни ҳалол луқма ва ичимликлар билан ризқ­лантирган. Бу неъматларнинг шукрини адо қилишимиз зарур. Бу одобларга риоя қилиш саломатлигимиз гаровидир.
 

1. Анас ибн Молик розияллоҳу ан­ҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким Аллоҳ уйининг баракасини кў­пайти­ришини хоҳласа, таом ҳозир бўлганида ва йиғиштирилганида (қў­лини) ювсин”, деганларини эшитганман» (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳа­қий ривояти).
 

Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғуборлар ўрнашган бўлиши мумкин.


2. Таомни айбламаслик. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомни айб­ламас эдилар. Агар иштаҳалари тортса, ер эдилар, кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар”.


Онамиз ёки аёлимиз тайёрлаган таомдан айб изламаслигимиз керак. Бу ҳам муҳим суннатдир.


3. Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жой­дан ейиш. Имом Муслим Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. «Ёш бола эдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пинжларида ўтирган эдим. Қўлим лаганда айланарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй ғулом, Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан ўзингга яқин жойдан егин”, дедилар».


Болаларда чап қўлда таом ейиш ҳо­латлари кузатилади. Буни ота-оналар болалари ўнг қўлда тановул қилишни ўргатишлари керак.


4. Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш. Имом Муслим “Саҳиҳ”ида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга таомланганимизда, у зот қўлларини таомга узатмагунларича, биз қўлимизни узатмасдик”, деди.


Турли тўй-ҳашам ва давраларда ўтир­ганимизда ёшлар катталардан аввал дас­турхонга қўл узатганига кўзимиз тушган. Бу ҳам амал қилишимиз зарур бўлган суннат. Аввал катталар бошлаб бериши­ни кутишимиз керак.


5. Неъматни исроф қилмаслик. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Шайтонга ташламасин”, дедилар». Баъзида дастурхонимиздан егуликлар тушган ҳолатлар бўлиб туради. Уларни исроф қилмасдан, балки тановул қилишимиз керак.


Динимиз мукаммал, биз муҳим санамаган амаллар ҳақида ҳам тўлиқ тушунчалар берилган. Аллоҳ таолога бизни ризқлантириб мўмин-мусулмон қилгани учун ҳамд айтамиз.

Эргашбой ҲАМИДОВ,

Бекобод шаҳар “Оқ масжид” жомеи

имом-хатиби

Бошқа мақолалар

Бардавом амал инсонни жаннатга киритади

26.09.2024   3343   1 min.
Бардавом амал инсонни жаннатга киритади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни бомдод намозидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга: «Билол! Қайси амалингни манфаати энг кўп амал деб ўйлайсан? Ўша амалингни айт, чунки мен бугун тушимда жаннатда шиппагингнинг товушини эшитдим», дедилар. Билол: «Манфаати энг кўп деб умид қилган ишим – кечасию кундузи қачон таҳорат қилсам, ўша таҳоратим билан насиб бўлганича намоз ўқийман, холос», деди».

Имом Бухорий, имом Муслим ривоят қилган.

Эътибор берган бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳунинг жаннатда юрганини, у ерда унинг учун жой борлигини ва бунга сабаб бу бахтли саҳоба ҳаёти мобайнида қилган бирор улкан амал борлигини таъкидлаб, ана шу улкан амал нима эканини сўрамоқдалар. Билол розияллоҳу анҳу эса унчалик қийматли амали йўқлигини, фақатгина қиладиган иши ҳар доим таҳорат қилганида Аллоҳ қодир қилганича нафл намоз ўқишни вазифа қилиб олганини айтяпти.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.