Овқатланиш одобларини ҳар бир мусулмон киши фарзандига кичиклигидан ўргатиши шарт. Аллоҳ таоло бизни ҳалол луқма ва ичимликлар билан ризқлантирган. Бу неъматларнинг шукрини адо қилишимиз зарур. Бу одобларга риоя қилиш саломатлигимиз гаровидир.
1. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким Аллоҳ уйининг баракасини кўпайтиришини хоҳласа, таом ҳозир бўлганида ва йиғиштирилганида (қўлини) ювсин”, деганларини эшитганман» (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривояти).
Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғуборлар ўрнашган бўлиши мумкин.
2. Таомни айбламаслик. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомни айбламас эдилар. Агар иштаҳалари тортса, ер эдилар, кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар”.
Онамиз ёки аёлимиз тайёрлаган таомдан айб изламаслигимиз керак. Бу ҳам муҳим суннатдир.
3. Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жойдан ейиш. Имом Муслим Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. «Ёш бола эдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пинжларида ўтирган эдим. Қўлим лаганда айланарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй ғулом, Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан ўзингга яқин жойдан егин”, дедилар».
Болаларда чап қўлда таом ейиш ҳолатлари кузатилади. Буни ота-оналар болалари ўнг қўлда тановул қилишни ўргатишлари керак.
4. Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш. Имом Муслим “Саҳиҳ”ида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга таомланганимизда, у зот қўлларини таомга узатмагунларича, биз қўлимизни узатмасдик”, деди.
Турли тўй-ҳашам ва давраларда ўтирганимизда ёшлар катталардан аввал дастурхонга қўл узатганига кўзимиз тушган. Бу ҳам амал қилишимиз зарур бўлган суннат. Аввал катталар бошлаб беришини кутишимиз керак.
5. Неъматни исроф қилмаслик. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Шайтонга ташламасин”, дедилар». Баъзида дастурхонимиздан егуликлар тушган ҳолатлар бўлиб туради. Уларни исроф қилмасдан, балки тановул қилишимиз керак.
Динимиз мукаммал, биз муҳим санамаган амаллар ҳақида ҳам тўлиқ тушунчалар берилган. Аллоҳ таолога бизни ризқлантириб мўмин-мусулмон қилгани учун ҳамд айтамиз.
Эргашбой ҲАМИДОВ,
Бекобод шаҳар “Оқ масжид” жомеи
имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг вафот этганини эшитганларида кўз ёш тўкканлар. Бақиъ қабристонига дафн этилган илк муҳожир саҳобий – Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу саналади.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Маккада дунёга келди. Отаси Мазъун ибн Ҳабиб ибн Ваҳб, онаси Сухайла бинту Анбас. Куняси Абу Соиб эди.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу оилада яхши тарбия кўриб улғайди. Қабиласи орасида одоби билан ажралиб турарди. Ниҳоятда зийрак, ақл-заковатли ва гўзал хулқли инсон эди. Ҳатто жоҳилият даврида ҳам ичкиликка яқинлашмаган. У: “Ақлимни оздирадиган, одамларга масхара бўлишимга сабаб бўладиган ва ўзимга муносиб бўлмаган аёлга уйланишимга мажбур қиладиган бу нарсани асло ичмайман”, деб айтарди.
Ўттиз ёшида Исломни қабул қилди. Бу ҳақда бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг оилаларига муҳаббатим жуда кучли эди. Кунларнинг бирида Набий алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳодиса менинг қалбимда иймон нури порлашига сабаб бўлди”.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу кечаларини ибодат билан ўтказар, кундузлари эса рўза тутар, уйда ҳатто бир кунлик таом сақламасди. Дунёга муҳаббат қўймади, обид ва зоҳид, хайрли ишларда пешқадам, ҳақ йўлда мустаҳкам ва Ислом йўлида фидокор бўлди.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу мушрикларнинг тазйиқи гирдобида қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилишга рухсатлари бўлганидан сўнг аёли ва ўғлини олиб Мадинага ҳижрат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир қанча ғазотларда иштирок этди.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Бадр ғазотидан кейин касал бўлиб қолди. Оғир бетобликдан сўнг Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Уммул Аълонинг хонадонида вафот этди. Бу ҳақда Уммул Аъло бундай дейди: “Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг вафотини эшитиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизга келдилар. У зот алайҳиссалом кўз ёш тўкиб: “Аллоҳ ва Расулини севарди. Эй Абу Соиб. Аллоҳ сени раҳматига олсин! Дунёдан ўтдинг. На Сен дунёга муҳаббат қилдинг, на у сенга муҳаббат қилди. У бизнинг қандай яхши биродаримиз эди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни Бақиъ қабристонига дафн этишни буюриб, жанозани ўзлари ўқиб бердилар.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Бақиъ қабристонига қўйилган дастлабки муҳожир сифатида тарихда қолди.
Маълумот учун: Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу Бақиъ қабристонига қўйилган илк ансорий саҳоба ҳисобланади.
Даврон НУРМУҲАММАД