Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Ақидага оид асарлар нимаси билан аҳамиятли?

24.09.2024   1411   3 min.
Ақидага оид асарлар нимаси билан аҳамиятли?

Сўнги йиллар давомида исломшуносликнинг турли йўналишларида бир қатор муҳим асарлар ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилди. Бу асарлар ақида, калом, фиқҳ, тафсир, адашган оқимларга қарши раддия йўналишида ва тарихий мавзуларга бағишланган бўлиб, улар илм-фан аҳли, талаба ва олимлар учун бебаҳо манба бўлиб хизмат қилмоқда.
 

Хусусан, Имом Мотуридийнинг машҳур “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг бир неча жузлари, шунингдек, Мулла Али Қорийнинг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, Абул Юср Паздавийнинг “Усул ад-дин”, Абул Муин Насафийнинг “Баҳр ал-калом”, Алоуддин Косонийнинг “Эътиқоди косоний”, Абу Муоз Ториқ ибн Ивазуллоҳ ибн Муҳаммад томонидан ёзилган “Имом Термизийнинг ақидавий қарашлари”, Абу Азабанинг “Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор”, Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳли сунна”, Абул Мунтаҳо Шаҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Мағнисовийнинг “Шарҳи фиқҳул акбар”, Абу Салама Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Жумал усул ад-дин” (Эътиқодий масалаларнинг умумий кисқача баёни)”, Абул Баракот Насафийнинг “Умдатул ақоид”, Ҳаким Самарқандийнинг “Китоб ас-савод ал-аъзам” каби асарлар ўзининг илмий салмоғи билан алоҳида ажралиб туради.


Мотуридий таълимоти асосида ёзилган асарлар исломий эътиқодни тушуниш ва унинг асосий принципларини ёритишга қаратилган. Масалан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари Қуръонни тафсир қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, мусулмон олимлар учун муҳим методологик қўлланма ҳисобланади.


Тарихий ва маданий меросга бағишланган асарлар ҳам катта эътиборга лойиқ Муаллиф жамоаси томонидан нашр этилган “Мовароуннаҳрлик ўн мутакаллим”, “Мовароуннаҳрлик ўн фақиҳ” ва “Мовароуннаҳрлик ўн мутасаввиф” асарлари тарихий шахсларнинг ҳаёти ва мероси ҳақидаги билимларни янада бойитишга хизмат қилади.


Шунингдек, раддия соҳасидаги асарлар исломий ақида ва шариатга зид бўлган мутаассиб ғояларга қарши курашишда муҳим ўрин тутади. Масалан, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик” ва “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар”, “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, “Ақоид ва унга боғлиқ масалалар”, “Мазҳаблар бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”, “Сунний ақидалар”, “Ҳизбут-таҳрир” фитнасидан огоҳлантириш”, “Дунё уламолари мурожаати”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби”, “Диний мутаассиблик: моҳияти, мақсадлар ва олдини олиш йўллари”, “Адашган “нозик ҳилқат””, “Ишиднинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар”, “Салафийларга илмий раддия”, “Эътиқод дурдоналари”, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Фатволар тўплами 500 саволга 500 жавоб”, “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими”,  “Фитна кўз илғамас хатар”, “Мотуридий таълимотига оид 101 савол-жавоб”, “Замонавий фиқҳий масалалар ва фатво бериш асослари”, “Ислом ақидаси”, “Долзарб раддиялар” каби китоблар мусулмон жамоатчилик орасида кенг тарқалган муаммоларга жавоб бериб, муътадилликни тарғиб қилади.


Ушбу нашрлар нафақат илмий соҳада, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу асарлар замонавий мусулмон жамияти учун ислом ақидаси, яъни мотуридий таълимотини янада чуқурроқ тушуниш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. 

 

Ўткирбек Собиров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бош мутахассиси

 

“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда

унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Бу хонада гуноҳ қилма, бу ерда Қуръонни 12 минг марта ўқиганман

27.09.2024   2574   3 min.
Бу хонада гуноҳ қилма, бу ерда Қуръонни 12 минг марта ўқиганман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Бакр ибн Айёш роҳимаҳуллоҳ табаъа тобеъинлардан бўлиб, машҳур етти қироатнинг ровийларидан бири эди. У зот Шуъба исми билан машҳур эди. «Осимнинг Шуъбадан ривояти» дейилган қироат соҳиби шу кишининг исми билан юритилади. Буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ана шу муборак зотни «Қуръон ва яхшилик соҳиби эди», деб таърифлаганлар.

Шуъба роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 95 йилда туғилиб, 193 йили Куфа шаҳрида, 96 ёшида вафот этган.

У зот вафотидан олдин ўғлига уйидаги ҳужралардан бирини кўрсатиб, «Ўғлим, мана шу ҳужрада гуноҳ қилишдан сақланингла, чунки мен бу хонада Қуръонни ўн икки минг марта ўқиб тугатганман», деган эканлар... Субҳаналлоҳ!

Ўлим тўшагида ётганларида ёнларида ўтирган қизлари йиғласа, «Нега йиғлайсан, қизим? Мендан хавотирланяпсанми? Мен мана шу хонада Қуръонни ўн икки минг марта хатм қилганман…» деганлар.

Умрини Қуръонга бағишлаган бу улуғ зот бу хизматларини Аллоҳ таоло қабул қилишидан, улар сабабли гуноҳларини кечиб юборишидан умидвор бўлганлар.

Бир аёл мана шу ўринга мос воқеани айтиб берган эди:

«Турмуш қурган илк кунларимизданг бошлаб, эрим билан ҳар куни икки саҳифа Қуръон ўқишга келишиб олдик. Алоҳида вақт ажратиб, бирга Қуръон ўқиб ўтирамиз. Аввал у киши менга бир саҳифани ўқиб берадилар, кейин мен у кишига иккинчи саҳифани ўқиб бераман. Мабодо сафарда бўлиб қолсалар, икки саҳифани иккимиз ҳам ўзимиз ўқир эдик, шунда ўша икки саҳифа икки марта ўқилар эди.

Аллоҳ таоло бизни шу вазифани доимий бажаришга мушарраф айлади. Ҳар сафар Қуръонни ўқиб тугатганимизда охирги саҳифасига бир белги қўямиз. Бу йил тўйимизга ўттиз йил бўлибди. Охирги саҳифадаги белгилар эса 127 та бўлибди. Демак, шу ўтган йиллар давомида Қуръонни 127 марта хатм қилибмиз. Қуръон ўқишда давом этганимиз сари, ҳаётимизга осойишталик, бахт ва нур кириб келаверди, энг асосийси – турмуш ўртоғим билан ўртамиздаги муҳаббат кучайиб бораверди. Аллоҳ у кишини паноҳида асрасин!»

Энди мана шу саволга жавоб беринг:

Ҳаётингиздан ўрин олган оддий, лекин доимий, айни вақтда дунёга ҳам, охиратингизга ҳам (ибодатга, ижтимоий ҳаётга, илм-фанга ёки соғлом турмуш тарзига алоқадор) манфаатли бирор вазифангиз борми?

Ўзингиз учун кунлик одатий вазифа кашф этсангиз, лаънати шайтон ҳар хил йўллар билан сизни вазифангиздан чалғитишга ҳаракат қилади. Лекин сиз бунга йўл қўйманг! Ҳушёр бўлинг, у сизни тўхтатиш учун турли важларни ўйлаб топади. Қилиб юрган вазифангиздан сизни оғдириш учун бирор кишидан ҳам фойдаланиши мумкин (одатда яқин инсонларингиздан бирини танлайди. Масалан, энг яқин дугонангизни…) Огоҳ бўлинг! Инсон ва жин-шайтонлар сизни йўлдан оздиришига асло йўл қўйманг!

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.